Анвар қори Турсунов: "Нажот — покликда"

2 May 2016 9119

    Инсон қандай ҳолларда ювиниши зарур? Чўмилишнинг тартиб-қоидалари нималардан иборат? Бадан, кийим, идиш ёки буюмлардаги нопокликни батамом кетказиб, уни тоза, озода ва пок ҳолатга келтириш учун нималар қилинади? Маънавий покланиш дегани нима ўзи? Қалб қандай тозаланади? Ҳалоллик ва поклик орасида қандай фарқ бор? Ҳалол нарсаларнинг ҳаммаси пок ҳисобланадими?..
    Ҳаётимизда ҳар куни дуч келадиган мана шу оддий саволларга, афсуски, доим ҳам тўғри жавоб топа олмаймиз. Фарзандимизнинг баъзида "Дада, жўмракдаги сув ҳамма нарсани тозалайди, ариқдаги сув-чи?" деган жўнгина сўрови бизни ўйлантириб қўйиши тайин.
    Ҳаммамизни қизиқтирган, ўйлантирган шундай саволларга жавоб топиш мақсадида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори ТУРСУНОВга мурожаат этдик.

— Ўғил-қизларимиз турмуш қуриш остонасидами ё ундан кичик ёшдами — қатъи назар, уларга оилада покликни ўргатишимиз шарт, — дейди Анвар қори Турсунов. — Ҳаётимиз давомида қиладиган барча амалимиз, ҳаттоки ниятимиз ҳам пок бўлса, унинг ижобати, хайр-баракаси ҳам шунга яраша зиёда бўлади.
   Мана, Президентимиз ташаббуси билан 2016 йилимиз Соғлом она ва бола йили бўлди. Оилани барпо қилиш ҳамда соғлом зурриёдни дунёга келтириш ва тарбиялашда ҳам покликнинг аҳамияти беқиёс. Авваламбор, турмуш қураётган ёшлар ҳалол-пок йўл билан, яъни никоҳ орқали оила қуриши оилани соғлом бунёд этишга қаратилган. Никоҳланишдан олдин тиббий кўрикдан ўтишни олайлик, бу бўлажак ота-онанинг палаги тоза эканини аниқлашга қаратилган.
    Улуғ зотлардан бири фарзандларига мен сизларга туғилишингиздан олдин ҳам, кейин ҳам кўп яхшиликлар қилганман, деган экан. Шунда фарзандлари отажон, туғилганимиздан кейинги яхшиликларингизни кўриб-билиб турибмиз, лекин туғилишимиздан олдин нима яхшилик қилган эдингиз, деб сўрашса, сизларга яхши она танлаганман, деб жавоб берган экан ота.
   Ҳа, покдомон умр йўлдоши танлай билиш оиланинг мустаҳкам, барқарор ва бахтиёрлиги учун ҳам, келажакда дунёга келадиган фарзандлар ҳаёти учун ҳам жуда муҳим. Аввало, пок қалб, пок ният ва покиза йўл билан бошланган оилавий ҳаёт албатта файз-баракали бўлади.
   Оллоҳга шукр, биз оила борасида ана шу йўлни танлаганмиз. Бу ота-боболаримизнинг йўли. Улар бизга қолдирган бой меросни ўрганиб, ҳар бир ишимизда ҳаётимизга татбиқ этиб келаётганимиз учун ҳам инсониятни маънавий таназзулга етаклайдиган ҳолатлар бизда учрамайди. Аслини олганда, ОИТС ва бошқа бедаво дарднинг ҳам, бир жинсдаги одамларнинг турмуш қуришидек аянчли иллатларнинг ҳам барчаси моддий ва маънавий нопокликдан келиб чиқади.

— Бугун оилаларимизда тарбия топаётган ва эртага турмуш қуриш бўсағасида турган йигит-қизларга поклик борасида айнан нималарни ўргатиш зарур, деб ҳисоблайсиз?

— Бу жуда муҳим масала...

    Афсуски, «оммавий маданият» деб аталаётган бузғунчиликларнинг айрим эпкинлари бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Азалий таомиллар, тартиб-қоида, урф-одат ва қадриятларни менсимаслик, шаҳватпарастлик ва худбинликни байроқ қилиб олиш, ҳушига келган ишни ҳеч нарсадан тап тортмай қилавериш ана шу «маданият»нинг асосини ташкил қилади. Фарзандларимизни аввал-бошданоқ бундан огоҳ қилиб бориш ва асраш ҳар бир ота-онанинг вазифасидир.
  Бугун бизга хориждан турфа тутумлар кириб келяпти. Уларнинг ҳам ўз ўрни бор, лекин биз одоб-ахлоқ, ҳалоллик, поклик, маънавият, қадриятлар масаласида ҳеч кимдан кам эмасмиз ва бошқаларнинг ғояларига эҳтиёжимиз йўқ. Буни аввало ўзимиз тўғри тушуниб, фарзандларимизга ҳам уқтиришимиз шарт.
   Инсон фақат моддий вужуддангина иборат эмас. У тана ва руҳдан тузилган. Тана эҳтиёжларини қондириш билан бирга инсоннинг ички олами — руҳиятини ҳам тарбиялаб, поклаб, сайқаллаб бориш зарур. Буларнинг ҳаммаси қалб билан боғлиқ. Қалб парвариш қилинмаса, инсон ўз моҳиятини йўқотиб, қандайдир тубан махлуққа айланиб қолади.
   Бир мисол: ота-боболаримиз оқар сувга тушадиган бир мисқол тупукни ҳам кариҳ санашган. Ҳолбуки, ўша тупук сувга унча катта зарар етказмаслиги мумкин, лекин боболаримизнинг бу сабоғи замирида яна бошқа маънолар ҳам мужассам. Тузини еб тузлиғига тупурибди, деган гап бор. Бу — нонкўрлик дегани. Кимнингдир сувга тупургани ўша нонкўрлик сари бир қадам қўйгани, деб ҳисобланган. Ахир, сув бизни барча нопокликлардан тозалайдиган асосий восита-ку! Сувни қадрлаган, эъзозлаган киши ҳеч қачон унга ҳурматсиз муносабатда бўлмайди. Ҳар куни истеъмол қиладиган сувники менсимаган, софлигини, поклигини сақламаган кишидан бошқа қандайдир ҳурмату одоб кутиш мумкинми?..
   Бугун қай бир нарса поку қай бири нопок, қайси амалимиз ҳалолу қайси бири ножоиз каби саволлар жавобини билмасликка ҳеч бир узр қолмади. Бир пайтлар аллома аждодларимиз ёзиб қолдирган бебаҳо китоблар ўзбек тилида қайта-қайта нашр этиляпти. Бозорга бориб, бир дунё кийим-кечак ё шунга ўхшаш нарсаларни харид қилганда боламиз учун ҳар гал биттагина фойдали китоб ҳам қўшиб олсак, кўп ўтмай, уйимизда катта кутубхона бунёд бўлади. Ана ўша китоблар бизга ҳам моддий, ҳам маънавий покликдан таълим беради-ку!

— Кундалик рўзғорда, маиший ҳаётимиздаги орасталик, тозалик, покизалик билан маънавий поклик ўртасида боғлиқлик борми?

— Поклик, тозалик, орасталик дегани бугунги кунда фақатгина шахсий гигиена ёки баъзи бир касалликларга дучор бўлмаслик учун тиббиёт тақазоси деб қараляпти. Тозалик, поклик асли маънавий тушунча. Ҳадислардан бирида «Поклик — имоннинг ярми», дейилган. Барча амалимиз поклик билангина дуруст бўлади. Шунга кўра, поклик биз учун ибодатдир. Баъзилар намоз, рўза, закот, ҳаж кабиларнигина ибодат деб тушунади. Тоза қалб ва пок ниятда, оила таъминоти учун пешона тери билан ҳалол меҳнат қилиш ҳам ибодат аслида. Авваламбор, кишининг қалби ва нияти пок бўлиши керак. Шундагина унинг қилган барча ишлари тўғри ва фойдали бўлади.
     Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): "Инсон вужудида бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса, бутун бадан саломат бўлади. Агар у бузилса, бутун бадан бузилади. Огоҳ бўлингки, у қалбдир", деганлар.
   Кўнгилда поклик бўлмаса, меҳр-муҳаббат ҳам, ҳеч қандай эзгулик ҳам бўлмайди. Бундай одамдан яхшилик ҳам чиқмайди. Қалби пок инсон кафтдеккина ҳовлисига райҳон экади, унинг чиройидан, хушбўйидан баҳраманд бўлади. Қалби пок инсон баданини ҳам, кийим-кечагини ҳам, теварак-атрофини ҳам озода тутишга эътибор беради, шунга ҳаракат қилади.
   Биз кўпинча ҳалол ва пок деган тушунчаларнинг фақат бир жиҳатига эътибор қаратамиз. Еяётган таомимизнинг бир четига озроқ кир теккан ёки қошиғимиз ифлос бўлса, иштаҳамиз бўғилади, уни емасдан чиқинди челакка ташлаймиз. Аммо ўша таом ўзи пок ва жуда озода тайёрланган бўлса-ю, унинг қўлга киритилиши нопок йўл билан бўлса-чи? Мана, масаланинг оғриқли томони қаерда?!
   Аслида еяётган луқмамизнинг нафақат ўзи беғубор, балки унинг қўлимизга келиб тушиш йўли ҳам пок ва тоза бўлиши зарур. Агар у бировни норози қилиб, алдаб ё тортиб олинган бўлса, ҳар қанча ювилгани билан пок бўлиб қолмайди — чунки у бошқа бировнинг ҳақи.
    Аслида қалби пок инсон барча амалини чиройли қилишга интилади. Унинг кўриниши ҳам, кийиниши, юриш-туриши, бошқалар билан муомаласи — ҳамма-ҳаммаси гўзал бўлиши керак. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) нафақат қўли-ю тили, ҳатто ҳиди билан ҳам бошқаларга озор етказмасликка буюрганлар. Шунинг учун ҳам бадан, кийим, уй-жойнинг пок бўлиши талаб этилади. Бундай поклик инсоннинг қалб поклиги самарасидир. Ўзича «менинг қалбим пок, энг муҳими шу-да», деб туриб, нопок ишларни қилиб юрадиган одамни, қани, ўзингиз айтинг-чи, нима дейиш мумкин? Поклик инсоннинг бутун сурати-ю сийратида акс этиб туриши керак эмасми?! Мана, бугун фарзандларимизни турли спорт тўгаракларига беряпмиз. Бадан тарбияси, жисмоний баркамолликка интилиш яхши, албатта. Аммо ўша фарзанд кўча-кўйда бошқаларга салом беряптими? Ота-она унинг жисмоний-тиббий соғломлигини маънавий саломатлик билан уйғунликда олиб боряптими? Алишер Навоий ҳазратлари "Фарҳод ва Ширин" достонида Фарҳодни баркамол инсон сифатида шундай таърифлайди: 

 


Демон, ҳам кўнгли поку ҳам кўзи пок,
Тили поку сўзи поку ўзи пок.
Мунингдек тийнати покига лойиқ,
Дуосин айтибон поки халойиқ.

 

    Кўнгли, кўзи, тили, сўзи ва ўзи пок инсондан халқ ҳам рози бўлди, Холиқ ҳам. Қуръони каримдаги «Ким ўзини покласа, нажот топур», ояти ҳам шунга далолат қилади.

— Аввало, кўнгил, ният пок бўлиши керак, дедингиз. Бу гапни эшитган кишида «Кўнгилнинг пок-нопок эканини аниқлаш мумкинми? Кўнгил поклигига қандай эришилади?» каби саволлар туғилиши мумкин...

— Мулоҳазангиз ўринли. Бу — инсоннинг кўриниши, муомаласи, ўзини тутишида акс этади. Кўнглида кири йўқ, қалби тоза, дили пок дегани инсон ўз маънавиятини ҳасад, кин, адоват, ғийбат, хиёнат, туҳмат, бўҳтон, чақимчилик, риё, ёлғон, фаҳш, ҳирс каби иллатлардан йироқ эканини билдиради. Ботинни тозалаш бадан ё кийимимизни тозалашдан кўра анча мураккаб иш. Бунинг учун, юқорида айтиб ўтганимиздек, инсон дунёга келишидан олдиноқ ҳаракат қилиниши керак.

 

Ғуломжон БОБОЖОНОВ суҳбатлашди. 

"Оила даврасида" газетаси 2016 йил 14-сон.

www.vakillik.uz