Жароҳатга тортилган масҳни бузувчи нарсалар

Агар жароҳат тузалиб, устига боғланган латта тушиб кетса ёки ечилса, кишининг таҳорати бўлмаса, таҳорат қилаётганда ўша аъзони ювади. Агар таҳоратли ҳолида жароҳат тузалиб латта тушиб кетса, унга тортилган масҳ бузилади. Бунда фақат жароҳатнинг ўзи ювилади, қайтадан таҳорат ёки ғусл қилиш шарт эмас. Жароҳатдан тузалгач, таҳорат ва ғуслда ювилмай, устига масҳ тортилган аъзонинг ўзини ювиб қўйса, кифоя қилади. Сабаби баъзи аъзонинг нопоклиги бутун танани нопок қилолмайди. Бу худди махсига масҳ тортиш муддати тугаши ёки муддат чиқмай туриб, махсининг оёқдан ечилишига ўхшайди. Маълумки, бунда оёқнинг ўзини ювса, кифоя қилади.

Агар яра тузалмай туриб устига боғланган латта тушиб кетса, уни ювиш лозим эмас, унга тортилган масҳ ҳам бузилмайди. Агар яра тузалиб латта тушиб кетса, унга тортилган масҳ бузилади ва фақат ўша жойнинг ўзини ювиш лозим бўлади.

Агар намоз ўқиётганда жароҳатга боғланган латта тушиб кетса, намоз ўқишда давом этади, бошидан бошлаш шарт эмас. Агар намоздан ташқарида тушиб кетса, латтани жойига қайтариб боғлайди, унга қайтадан масҳ тортиши шарт эмас. Шунингдек, яра тузалмасидан олдин латта алмаштирилса ҳам қайта масҳ тортиш шарт эмас.

Таҳоратда жароҳатга қўйилган дори устидан сув юргизилса, кейин яра тузалиб дори тушиб кетса, уни ювиш лозим. Акс ҳолда йўқ.

Жароҳат устига боғланган латтага яра суви ёки қон чиқса, таҳорат бузилади. Акс ҳолда йўқ.

Жароҳат устидаги латта алмаштирилганда унга қайта масҳ тортиш афзал.

Сўзимиз охирида Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва У Зотнинг Расулига салавот ва саломлар айтамиз!

 

                                                                                                                                                  “Таҳорат китоби”дан