Ҳаж

16Iyul 20154333

 

 Ҳажнинг таърифи:


“Ҳаж” сўзи луғатда “ният қилиш” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда ҳаж махсус амалларни маълум жойларда, муайян вақтларда адо қилишдир.
“Махсус амал” Байтуллоҳни тавоф қилиш ва Арафотда туриш.
“Маълум жой” Каъба ва Арафот.
“Муайян вақтлар” ҳаж мавсуми, яъни Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг ўн кунидир.
Ҳаж ҳижрий тўққизинчи йилда фарз бўлган. Ҳар бир мўмин ва мўмина умрида бир марта ҳаж қилиши фарз. Шароит ва имкон бўлганида кечиктирмай ҳажни адо қилиш лозим.
Ҳаж Исломнинг беш рукнидан биридир. Унинг фарзлиги Қуръон ва Суннат билан собит бўлган. Аллоҳ таоло: “Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж қилиш бурчи бордир”, деган (Оли Имрон, 97).
Байтул Ҳаром Каъбанинг мавжудлиги ҳажнинг фарз бўлиш сабабидир.

 

Ҳажнинг фарз бўлиш шартлари:

 

Мусулмон бўлиш;
Балоғатга етганлик;
Оқил бўлиш;
Ҳур бўлиш;
Ҳажга ва ҳаждан қайтгунича қарамоғидагиларнинг ҳожатига етарли маблағга эга бўлиш;
Соғ-саломат бўлиш;
Йўлнинг хавфсиз бўлиши.
Агар ҳаж сафар (камида уч кунлик йўл) бўлса, аёлларга маҳрам ҳамроҳ бўлиши;
Ҳажга боришга бирон монеълик бўлмаслиги.

 

Ҳажнинг тўғри бажарилиш шартлари:

 

Эҳромга кириш;
Белгиланган вақт ва жойларда маълум амалларни бажариш.

 

Ҳажнинг рукнлари (фарзлари):

 

Эҳром. 

 

“Эҳром” арабча сўз бўлиб, “ҳаром қилиш” маъносини англатади. Сабаби ҳажда эҳромга кирган банда эҳромдан олдин ҳалол бўлган баъзи иш ва нарсаларни ўзига ҳаром қилган бўлади. Масалан, эҳромдан олдин аёлига яқинлик қилиш ёки тирноқ олиш мумкин бўлса, эҳром боғлагандан кейин бу ишлар то эҳромдан чиққунча мумкин бўлмайди.
Эҳром ҳажнинг кўзга кўринган аломатларидан биридир. Ислом уммати ҳажда эҳром боғлаш фарзлигига иттифоқ қилган. Ҳар бир амал бошида қилиниши фарз бўлган амал бўлади. Масалан, таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди. Худди шу каби эҳромсиз ҳаж ҳаж ўрнига ўтмайди.

Арафа куни қиёмдан сўнг бир лаҳза бўлса ҳам Арафотда вуқуф қилиш (туриш).

Арафотда туриш ҳажнинг асосий рукни саналади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаж Арафадир”, деганлар.
Арафа куни (Зулҳижжанинг 9-куни) заволдан кейин Арафотда туриш вақти бошланиб, ҳайит кунининг фажри чиққунича давом этади. Ана ўша вақт ичида бир оз бўлса ҳам Арафот чегарасида туриш фарз. Фақат кундузи турган одам Қуёш ботгунича туриши вожиб.

Ифоза (зиёрат) тавофини адо этиш.

Зулҳижжа ойининг 10-куни, яъни ҳайит куни шайтонга тош отиб, қурбонлик сўйиб, соч олдириб ёки қисқартирилиб бўлинганидан кейин Байтуллоҳ тавоф қилинади. Бу тавоф тавофи ифозадир. У “зиёрат тавофи” ҳам дейилади. Бу тавоф тури ҳам фарз бўлиб, уни қилмаган ҳажни адо этмаган саналади. Тавофи ифоза уч кун ҳайит ичида қилиниши керак.

 

Эҳром ман қилган нарсалар:

 

Аёлига яқинлик қилиш, ўпиш, қучоқлаш ва шу каби ишлар;
Фисқ ишлар;
Жанжаллашиш;
Қуруқлик ов ҳайвонларини ўлдириш, овлаш ёки уларни овчига кўрсатиш;
Хушбўй нарсаларни ишлатиш;
Тирноқ олиш;
Юз ва бошни тўсиш;
Соқолни қисқартириш ва соч олдириш;
Тикилган ва бўялган кийим кийиш.

 

Эҳромдаги кишига қилиш мумкин бўлган ишлар:

 

Ҳаммомда чўмилиш;
Соябон билан сояланиш;
Белига ҳамён боғлаш;
Эҳром кийимини ювиш ва алмаштириш.