Ҳажнинг ҳикматлари

19Sen 20153190

    “Ҳаж” сўзи луғатда улуғланган, муқаддас жойни “қасд қилмоқ”, “йўналмоқ” маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса ҳаж деб “махсус жойни, муайян вақтда махсус амал билан зиёрат қилиш”га айтилади. “Махсус жой” деганда Каъбаи муаззама билан Арафот тушунилади. “Муайян вақтда” деган сўз билан зулҳижжанинг тўққизинчи куни Арафотда туриш ҳамда наҳр кунининг тонгида Байтни тавоф қилиш назарда тутилади. “махсус амал” деган сўз билан эса ҳаж ниятида эҳромга кириш ва ҳажга оид бошқа ибодатлар ирода қилинган. 
     Энг зарур ҳожатларидан ташқари етарли маблағи бор, соғлом ва хотиржам одамнинг умрида бир марта ҳаж қилиши фарздир. 
   Ҳар бир ибодатнинг ўз ҳикмати бор. Масалан, намоз инсонни фаҳш ва ёмон ишлардан қайтаради, рўза тақвони кучайтиради, закот берган одам ҳар жиҳатдан покланади, молига барака киради, турли шикастлардан саломат бўлади... 
    Ҳаж ибодатининг ҳам ҳикматлари кўп. Жумладан, ҳажда Аллоҳ таолонинг розилигини қозониш учун ҳамма нарсадан кечиб, ҳатто доимий кийиб юрган либосларини ташлаб, эҳромга кирилади, Аллоҳнинг хизматига бел боғланади. Ҳожилар “лаббайкаллоҳума лаббайк...” деб Парвардигорга юзланадилар. Бу ҳолат нафсдан устун келишнинг, Алллоҳ розилиги учун дунё ташвишларидан бироз бўлса ҳам четланишнинг бир кўринишидир. Нега десангиз, банда ҳажга фақат ибодат қилиш учун боради. Одатда, унинг қалбида моддий фойда олиш мақсади бўлмайди. 
    Эҳромга кирган банда нафсини тергашни ўрганади, эҳром боғлаган инсон беихтиёр қалбини ҳам ёмонликдан пок сақлашни одат қилади. Бу ишлар ким учун қилиняпти? Албатта Аллоҳ учун. Демак, ҳаж арконларини рисоладагидек бажарган одам тақводорлар сафидан жой олади. 
     Ҳаж ибодати инсон иродасини тоблайди, машаққатларни мардонавор енгиб ўтишга ўргатади. Аҳли оиласи, ватани ва яқинлари бағридан узоқ жойларда юриш, ҳаж амалларини бажариш билан одамнинг сабр-тоқати зиёда бўлади, унда қийинчиликларни енгиш малакаси шаклланади. 
     Ҳаж мусулмонларнинг бирдамлиги, бир тану бир жон эканининг ёрқин мисолидир. Ҳаж пайтида барча мусулмонларнинг ибодатлари, ниятлари, ҳатто кийимлари ҳам бир хил бўлади. Ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳамма бир хил кўринишда бўлади, барча ҳожилар Аллоҳга ёлворади, дуолар қилади, гуноҳлари учун истиғфор айтади. 
      Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким Аллоҳ азза ва жалла (розилиги) учун ҳаж қилса, ёмон сўзлардан тийилса, бузуқ ишларни қилмаса, онаси туққан кундагидек (гуноҳлардан покланган ҳолида уйига) қайтади”, деб марҳамат қилганлар (Бухорий ва Муслим ривоят қилган). 
     Ҳаж мавсумини улкан исломий йиғилишга қиёслаш мумкин. Чунки бу пайтда дунёнинг етти иқлимидан турли тоифадаги одамлар бир жойга тўпланиб, бир мақсадда ҳаракат қиладилар, бир-бирларини кўриб ибрат оладилар, маслаҳатлашадилар, турли миллатга мансуб биродарлари билан юз кўришадилар. 
     Аллоҳ таоло Каъбутуллоҳнинг шарафини баланд қилди, уни бир бор зиёрат қилган инсон у ерга яна боргиси келаверади. Ҳали бориш насиб етмаганлар эса, Каъбатуллоҳни тавоф қилсам, ҳаж амалини бажарсам, деб яхши ниятни дилга тугиб қўядилар. Бу ҳам эзгуликнинг бир кўринишидир. 
    Ҳажнинг шартларини тўлиқ бажарган ҳожининг гуноҳлари кечирилади, қалби сутдек оппоқ бўлади, юзидан нур таралиб туради. Бундай одамнинг дуоси мустажобдир. Чунки у энди фақат яхши ишларга шошиладиган, ёмонликдан тийиладиган солиҳ инсонга айланади. Ҳажнинг энг катта ҳикматларидан бири ҳам шу. 
      Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мабрур ҳажнинг мукофоти жаннатдир”, деб хушхабар берганлар (Имом Насоий ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ). Ҳаж инсонга руҳий озуқа беради, қалбини Аллоҳга бўлган тақво билан тўлдиради. Ҳожи ўтмишда қилган гуноҳларига афсус-надомат қилади, бундан кейин яхшилик қилиб яшашга, ёмон ишлардан йироқ бўлишга қарор қилади. Қолаверса, ҳожининг Аллоҳ ва Расулига муҳаббати ортади, дунёнинг турли бурчакларидан келган мўмин биродарларини кўради, дунёқараши кенгаяди. 
    Шунингдек, ҳаж ибодатини эмин-эркин бажариш инсоннинг тан-жони соғ, юрти тинч эканининг ифодасидир. Бунинг шукронаси сифатида банда нафс истакларидан воз кечиб, Аллоҳга юкинади, илтижолар қилади, эл-юрти, ватандошлари ҳақига дуолар қилади. Бундай улуғ вақтда, муборак заминда қилинган дуоларнинг қабул бўлишига шубҳа йўқ.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли