Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини оқартирган суралар қайси? 18.09.2015

Савол:

Ассалому алайкум. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган айрим суралар у зотнинг сочларини оқартирган экан! Бу қайси суралар? Нима сабабдан бунчалик таъсирланганлар?

Жавоб:

Ва алайкум aссалом. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларига нима сабаб оқ тушгани мана бу ривоятда айтилган.

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: يَا رَسُولَ اللهِ قَدْ شِبْتَ قَالَ: شَيَّبَتْنِي هُودٌ وَالْوَاقِعَةُ وَالْمُرْسَلاَتُ وَعَمَّ يَتَسَاءَلُونَ وَإِذَا الشَّمْسُ كُوِّرَتْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

     Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Эй Расулуллоҳ, сочингизга оқ тушибдими?” деб сўради. Шунда у зот: “Менинг сочимни Ҳуд, Воқеа, Мурсалот, Набаъ ва Таквир (суралари) оқартирди”, дедилар” (Термизий, Ҳоким, Байҳақий ва Абу Яъло ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
    Баъзилар: “Ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларига оқ тушиши эмас, у зотда кексалик аломатлари барвақт зоҳир бўлиши назарда тутилмоқда. Зеро, Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у Расули акрамнинг сочларида ўн тўрт дона оқ тукни санаган экан”, дейишган.
   Хуллас, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқорида саналган сураларда, аввалги қавмлар бошига тушган азоблардан воқиф бўлиб, ўз умматлари ҳақида қайғурганлар. Натижада у зотда қарилик аломати барвақт пайдо бўлган. Валлоҳу аълам!