Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

“Мақоми маҳмуд” мартабаси ҳақида 08.09.2015

Савол:

Одилжон қори ака, сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим. Эшитишимча, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир мартабага эришишни хоҳлар эканлар ва биз умматларини Аллоҳдан шу мартабага чиқишларини сўрашга даъват қилар эканлар. Илтимос, шу мартаба ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб:

Сиз сўраётган нарса жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ томонидан ваъда қилинган “мақоми маҳмуд” бўлади. “мақоми маҳмуд” луғавий жиҳатдан “мақтовли, буюк мақом” маъносини англатади. Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай марҳамат қилади: “... Шоядки, Раббинг Сени мақтовли мақомда тирилтирса!” (79-оят). Оятда зикр қилинган мақоми маҳмудни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари Ул зотга қиёмат куни бериладиган энг буюк шафоат мақоми эканлигини айтганлар. Имом Аҳмад ва бошқалар Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлари ҳадиси шарифда мазкур ояти карима ҳақида Набий алайҳиссалом: “бу - унда умматимни шафоат қилажагим мақомдир”, дея марҳамат қилганлар. Демак, мақоми маҳмуд бу Қиёмат кунида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ато этиладиган буюк шафоат мақоми экан. Қиёмат кунида ушбу буюк мақомга соҳиб бўлиб, умматларини шафоат қилганлари учун Пайғамбаримизга барча халойиқ мақтовлар ёғдиради. Шу боис, бу мақом “мақоми маҳмуд” яъни мақталган мақом деб аталади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ўз умматларини У киши учун Аллоҳдан “василани” сўрашга ва “мақоми маҳмуд”да тирилтиришини сўрашга тарғиб қилганлар. “Васила” деб аталувчи нарса жаннатдаги энг олий мартаба ҳисобланади. Бизнингча “васила” билан “мақоми мамуд” алоҳида нарсалардир.
   Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Муаззинни (нг азон айтаётганини) эшитсангиз, у айтаётган сўзларини такрорланг, сўнгра менга саловот айтинг. Зеро, кимки, менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ таоло у кишига ўн марта саловот айтади. Сўнгра мен учун “василани” сўранг. Зеро, у жаннатдаги шундай бир мартабаки, у Аллоҳнинг қулларидан фақат биттасига насиб этади. Ўша мен бўлишимни умид қиламан. Кимки, мен учун василани сўраса, унга шафоатим насиб бўлгай” (Имом Муслим ва Сунан соҳиблари ривоят қилишган). Шунингдек, Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “кимки, (азон) нидосини эшитганда: “эй, ушбу мукаммал даъват ва қоим қилинган намоз Эгаси бўлган Аллоҳ, Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “васила”ни, “фазилат”ни ва “юксак даража”ни ато қил ва Уни Ўзинг ваъда қилганинг “мақоми маҳмуд”да тирилтир! Зеро, Сен ваъдани асло бузмайсан”, деб айтса, унга шафоатим ҳалол бўлгай!”, дея марҳамат қилинган (Имом Бухорий ривояти). Шунинг учун ҳам мусулмонлар азондан сўнг юқоридаги ҳадиснинг арабчаси бўлмиш: “Аллоҳумма робба ҳаазиҳид-даъватит-тааммаҳ вас-солаатил-қоимаҳ, аати Муҳаммаданил-васийлата вал-фазийла, вад-дарожатал-аалиятар-рофийъа вабъасҳу мақоман маҳмуданил-лазий ваъадтаҳ. Иннака лаа тухлифул-мийъаад”, дуосини ўқийдилар. Шу дуони ўқиб юрганга кишига иншоаллоҳ Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шафоатлари насиб бўлади. Валлоҳу аълам