Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Эркаклар ва аёллар учун умумий либос бўлиши жоизми? 11.08.2015

Савол:

Ассалому алайкум, ҳурматли Одилхон қори ака. Сизга ҳозирги кунда жуда кўпайиб бораётган бир иллат, яьни аёллар ва эркаклар учун бир хилда чиқарилаётган кийимлар, замонавий тилда айтганда, “unisex” кийимлар масаласида мурожаат қилмоқдаман. Бу масаланинг шариатимиздаги ҳукми қандай? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин!

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Шариатда эркаклар ва аёллар либоси қандай бўлиши, уларнинг сифатлари ва шартлари тўла-тўкис баён қилинган. Шунингдек, ҳақиқий эркак киши либоси билан аёлларга ўхшаши мумкинмаслиги ҳам алоҳида таъкидланган.


عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمُتَشَبِّهِينَ مِنْ الرِّجَالِ بِالنِّسَاءِ وَالْمُتَشَبِّهَاتِ مِنْ النِّسَاءِ بِالرِّجَالِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.


    Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга ўхшашга ҳаракат қилган эркакларни ва эркакларга ўхшашга уринадиган аёлларни лаънатлаганлар” (Бухорий, Абу Довуд, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
        Шарҳ китобларида бу ерда либос ва баъзи хатти-ҳаракатларда ўхшашлик назарда тутилгани айтилган. Эркак ўз номи билан эркак. У аёллардан ўзининг салобати, юриш-туриши, ғайрат-шижоати, қатъияти, фикр-мулоҳаза юритишдаги устунлиги билан бир қаторда, кийиниш бобида ҳам ажралиб туриши керак. Ким аёлларга ўхшаш учун заифалар либосини кийиб олса, устига лаънат ёғилади.  Аёл ҳам ўз номи билан аёл. У назокат, нафосат ва ҳаё тимсолидир. Аёл ўзининг мулойимлиги, ибоси ила ажралиб туради. Хулқи ва юриш-туриши билан эркаклардан қолишмасликка чиранадиган, эркаклар либосини эгнига кийиб оладиган беҳаё хотинлар малъунадирлар.
       Бу ҳадисдан эркакларнинг аёлларга ўхшаши ёки аксинча бўлиши гуноҳи кабиралардан экани маълум бўлади. Зеро, лаънатга сабаб ҳар қандай иш катта гуноҳдир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّجُلَ يَلْبَسُ لِبْسَةَ الْمَرْأَةِ وَالْمَرْأَةَ تَلْبَسُ لِبْسَةَ الرَّجُلِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.


      Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл либосини киядиган эркакни, эркак либосини киядиган аёлни лаънатлаганлар” (Абу Довуд, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
      Мана бу ўринда икки жинс аъзоларининг айнан либос бобида бир-бирига ўхшашга уриниши лаънатга сабаб бўлиши уқтирилмоқда. Бунда ниятнинг аҳамияти йўқ: эркак аёлларга ўхшаш ниятида бўлсин ёки мақсади бошқача бўлсин, барибир унга аёллар кийимини кийиш мумкинмас. Маълумки, шариатда эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам аврат жойлари бошқа-бошқа. Буни умумий қилишнинг иложи йўқ. Қолаверса, мўмина аёллар зийнатлари ва чиройини бегона эркаклардан яшириш учун шаръий либосда юришга буюрилганлар. Сиз сўраган ҳолатда мана шу жиҳатларга эътибор бериш лозим. Валлоҳу аълам!