Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Гуручни бўяб сотса бўладими? 03.03.2017

Савол:

    Мен гуруч бозорда ишлайман. Гуруч сотаман. Тоғоранинг ичига нукус қуюб, устига взрос сепиб визрос деб сотаман. Лекин оши бир хил бўлади. Нархи ҳам арзон. Растадагилар ҳам худди шундай қилиб сотади. Кейин сифат учун бўяйман. Шуни хукми қандай? Жавоб учун катта раҳмат!

Жавоб:

    Ва алайкум aссалом. Восила ибн Асқоъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз савдогарлар эдик (савдо-сотиқ билан шуғулланардик). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқиб: “Эй савдогарлар жамоаси, ёлғондан эҳтиёт бўлинглар!” деб айтардилар” (Табароний ривоят қилган).
    Ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Тожирлар фожирлардир, – дедилар.
Шунда одамлар сўрашди:
– Эй Расулуллоҳ, савдо ҳалол қилинган эмасми?
– Ҳа, (ҳалол қилинган). Лекин улар қасам ичадилар ва гуноҳга ботадилар, гапирадилар ва алдайдилар, – дедилар (Аҳмад ривоят қилган).

    Барака ростгўйлик, ҳақиқатни рўй-рост айтишга яқиндир. Бало-офат, бебаракалик ёлғон, айбни яшириш, алдовга яқин саналади. Воқелик сўзимизнинг исботидир. Бирон ростгўй одамни кўрсангиз унинг одамлар тарафидан ҳурмат қилинишига, мақтов айтилишига, касб-корида барака борлиги, одамлар билан яхши муомала қилишига гувоҳ бўласиз. Бундай одамнинг қалби ҳам хотиржам бўлади, топганига барака берилади. Зеро, барака молнинг кўплигида эмас, балки ростгўйликда, ҳалолликда, омонатни сақлашдадир. Инсон савдо-сотиқда ҳалол бўлса, молининг айбини айтиб сотса, ўзи ўйламаган томондан ризқлантирилади, Аллоҳ унинг ишидан рози бўлади, касбига барака беради. Бу билан сиддиқ банда дунёю охират саодатини қўлга киритади. Бунинг акси ўлароқ ёлғончиликда одам биринчи навбатда ўз жонига жавр қилади, Аллоҳ даргоҳида қаттиқ гуноҳкор, каззоб саналади. оқибатда унинг қадр-қиймати, ҳурмат бўлмайди, одамлар меҳр-муҳаббатини қозона олмайди. Ёлғончининг қилмишидан одамлар азият чекади, айниқса, савдо-сотиқда сифатсиз, ўтмас маҳсулотни олиб, чув тушиб қолади. Бир-икки марта алданади, кейин маккор савдогар ким эканини яхши билиб, ундан бошқа нарса сотиб олмайди. Мана шу ва бошқа омиллар сабаб бўлиб, алдоқчи савдогар касбидан барака кетади. Аллоҳ таоло ёлғон аралашган мол-дунёга барака бермайди. Алдоқчи еру кўкда каззоб саналади. ёлғончилик хорликка олиб боради. одамлар ёлғончини лаънатлайди, ҳақорат қилади. Бу алдовнинг дунёдаги айрим жазолари. Каззоб охиратда ҳам оғир жазоларга мустаҳиқ бўлади. Зеро, ёлғончилик фужурга, фужур эса жаҳаннамга етаклайди.
    Хуллас, савдода ҳалол бўлинг, бировнинг ҳақидан қўрқинг, ҳар бир гуруч навини алоҳида қилиб, харидорга тушунтириб, ёлғон гапирмасдан, ҳақига хиёнат қилмасдан сотинг. Авангардни авангард деб, алангани аланга, лазерни лазер деб сотинг, орада сифатсиз гуручлар қўшиш, сечка аралаштириш, кўзга чиройли кўриниши учун турли усулларни қўллаш бўлмайди. Зеро, Аллоҳга ва охират кунига имони бор инсон зинҳор алдамайди, ўзгалар ҳақидан ҳазар қилади, ҳалол ишлайди.