Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Диплом иши учун олаётган пул пора эмасми? 09.02.2017

Савол:

     Ассалому алайкум, ҳурматли устоз. Аввало, қимматли вақтини аямай, биз каби ожиз бандаларга дин соҳасида тўғри йўл кўрсатувчи инсонлар борлиги учун Аллоҳга беадад ҳамду санолар айтаман. Сизга бир савол билан мурожаат қилмоқчи эдим: бугун телевизорда таъмагир шифокорлар ҳақидаги кўрсатувни кўра туриб, пора олиш, ҳаром луқма ҳақида ўйлаб қолдим. Эртага Ҳақ таолога рўбарў бўладиган кундан ташвишга тушиб қолдим. Мен университетда ишлайман. Бизда битирувчи курс талабалари диплом ҳимояси учун битирув малакавий иш ёзишлари керак бўлади, лекин аксар ҳолатда бу ишни домлалар талабаларга пулга ёзиб беришади. Айрим талабалар диплом ишини ўзлари ёзадилар. Менга бириктирилган талабаларни аввал бошда чақириб, диплом мавзуларини бериб, уларга ишни қандай қилишни, қандай ёзишни тушунтираман. Лекин кўп ҳолатларда талабалар “домла, ўзингиз ёзиб беринг” дейишади. Шунда уларга диплом иши ёзиб бераман ва ёзиб берганим учун бунча берасизлар деб ўзим айтаман. Лекин шуниси ҳам борки, ушбу талабалар билан ишлашим учун давлат менга ҳақ тўлайди. Биринчи саволим шундан иборат: мана шу ўзимга бириктирилган талабаларга уларнинг илтимосидан кейин диплом иши ёзиб бериб олган пулимнинг ҳукми қандай? Иккинчи саволим: мен кўпинча бошқа домлаларга бириктирилган талабаларга диплом иши, магистрларга диссертатсия, ўқитувчиларга мақола ёзиб бераман ва албатта бу ҳолатда хизмат нархимни қатъий белгилаб олганман. Устоз, айтинг-чи, мен шу ҳолатда топаётган пулимнинг ҳукми қандай? Устоз, тўғриси бу нарсаларни сўраганимдан жуда андиша қилмоқдаман, чунки мен “порахўр” деган ном олишдан, натижада гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқаман. Шу ўринда яна шуни ҳам айтмоқчиманки, дарс жараёни учун, талабаларни баҳолаш учун талабадан ҳеч қачон бирор нарса талаб қилмаганман ва буни ҳеч қачон қилмайман, иншааллоҳ.

Жавоб:

   Ва алайкум aссалом. Аслида ўша малакавий ишни талабаларнинг ўзлари ҳаракат қилиб ёзишлари керак. Сабаби, мана шундай ишлар ривожлангани сари жамиятда малакали мутахассислар камайиб кетмоқда. Кўп талабалар пул билан ўқишни битиради, кейин бирон жойга ишга киради. Билими етарли бўлмаганидан кейин унда масъулият ҳам, соҳаси бўйича тажриба ва кўникма ҳам бўлмайди. Бу ўз-ўзидан жамият тараққиёти орқага қараб кетишига сабаб бўлади.
   Демак, талабалар ўзлари ёзишлари мумкин бўлган нарсаларни сиз ёзиб беришингиз, илм даргоҳларидаги умумий қоидага зид. Шунингдек, шаръан, ҳам урфан тўғри эмас. Агар шундай ишлар авж оладиган бўлса, илмнинг шарафи қолмайди. Бу нарса талабалар олдида устозларнинг ҳурмати пасайишига ҳам олиб боради. Шунингдек, қоидага кўра институт талабалари малакавий битирув ишини устозлар ёрдами ва маслаҳатига таянган ҳолда ўзлари ёзишлари керак. Агар бировлар ёзиб берса, бу уларнинг илмлари ошишига хизмат қилмайди. Аксинча, бу ҳолат оммавий тус олса, институтдан чала мутахассислар, илмий лаёқати паст одамлар битириб чиқади. Бунинг зарарли натижаси эса бутун жамиятга таъсир этади. Шундай экан, бу ишни жоиз деб бўлмайди.
   Валлоҳу аълам!