Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Рафиқа танлашда нималарга эътибор бериш керак? 02.09.2016

Савол:

Ассалому алайкум. Ўзига умр йўлдош излаётганда нималарга эътибор бериш керак? Номаҳрам қизга қараш зино бўлса, бунда қандай йўл тутилади?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Уйланишдан олдин нималарга эътибор бериш борасида шариатимизда етарли кўрсатмалар бор.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لأَرْبَعٍ لِمَالِهَا وَلِحَسَبِهَا وَجَمَالِهَا وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالدَّارَقُطْنِيُّ.

 

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аёл тўрт нарса учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, чиройи учун ва дини учун. Бас, сен диндорини танла, қўлинг қурисин!” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Дорақутний ривояти).
    Бу ҳадиси шарифда эркаклар аёлларнинг асосан тўрт жиҳатига эътибор бериб уйланишлари маълум қилинмоқда. Биринчи ўринда унинг мол-мулки, давлати туради. Ҳақиқатан, жуда кўп эркаклар аёлнинг молига аҳамият бериб, бирон нарсага эга бўлиш учун уни никоҳларига оладилар. Аммо бу билан тўлиқ бахтга эришиш қийин. Яна бошқалар аёлнинг насл-насабига қараб уйланадилар. Ота-боболарининг номи улуғлиги, аждодларининг казо-казо одамлар бўлгани бунда биринчи ўринга чиқади. Фақат насабига қараб уйланиш ҳам кишига мукаммал бахт келтиролмайди. Бойлиги ёки насаби бўлмаса ҳам фақат аёл чиройли бўлса, шу жиҳатни устун билиб, унга уйланадиган эркаклар ҳам бор. Аммо аёлнинг дину диёнати учун, одобли, хулқли экани учун уйланадиган эркаклар жуда кам, афсуски. Аслида бандага бахт келтирувчи энг асосий омил мана шудир. Шундай экан, уйланишда энг биринчи аёлнинг дин-диёнати, хулқи, ҳаёсига эътибор берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Сабаби насл-насаб ота-боболар томонида қолади, чирой ҳам, бойлик ҳам ўткинчи. Аммо дин, ахлоқ ва илм-маърифат давомий хусусият бўлиб, банда ёши улғайса ҳам, бу фазилатлар уни тарк этмайди. Аммо аёл ҳам дин-диёнатли, ҳам чиройли ва насл-насабли бўлса, яна ўзига тўқ оиладан бўлса, бу нур устига нур бўлади. Лекин қолган уч хусусият шарт эмас, балки фазилат саналиши мумкин.



عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: إِنِّي أَصَبْتُ امْرَأَةً ذَاتَ حَسَبٍ وَجَمَالٍ وَإِنَّهَا لاَ تَلِدُ أَفَأَتَزَوَّجُهَا قَالَ: لاَ ثُمَّ أَتَاهُ الثَّانِيَةَ فَنَهَاهُ ثُمَّ أَتَاهُ الثَّالِثَةَ فَقَالَ: تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمْ الأُمَمَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

    Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб, “мен насл-насабли ва чиройли бир аёл топдим. Аммо у туғмас экан. Унга уйланаверайми?” деб сўради. У зот: “Йўқ”, дедилар. У иккинчи сафар ҳам келди ва у зот уни бу ишдан қайтардилар. Учинчи сафар ҳам келганида, Набий алайҳис-салом: “Сизлар (эрини) яхши кўрадиган, туғадиган аёлларга уйланинг! Зеро, мен сизларнинг кўплигингиз билан бошқа умматлар олдида фахрланаман”, дедилар” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
     Бу ривоятдан мусулмон эркак имкон қадар соғлом, фарзанд кўришга лаёқатли аёлга уйланиши кераклиги маълум бўлади.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قِيلَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَيُّ النِّسَاءِ خَيْرٌ قَالَ: الَّتِي تَسُرُّهُ إِذَا نَظَرَ وَتُطِيعُهُ إِذَا أَمَرَ وَلاَ تُخَالِفُهُ فِي نَفْسِهَا وَمَالِهَا بِمَا يَكْرَهُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ صَحِيحٌ.

 

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Аёлларнинг қайси бири яхшироқ?”дейилди. У зот: “ (Эри унга) қараганда уни хурсанд қилувчи, бирон ишга буюрганда итоат этувчи, ўз жони ва молида у ёқтирмайдиган нарсалар билан унга хилоф иш қилмайдиган аёл (яхшироқдир)”, дедилар” (Насоий, Аҳмад, Ҳоким ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади ҳасан-саҳиҳ). Демак, ташқи кўриниши гўзал, ўзини тутиши ва либослари тартибли, ахлоқ-одобли, ўз эрига итоат этувчи, исён қилмайдиган аёл энг яхши ҳисобланар экан. Бу ҳам эркаклар, ҳам аёллар учун бирдек муҳим ривоятдир. Эркаклар уйланишда аёлнинг қандай жиҳатларига эътибор бериш кераклигини билиб олсалар, аёллар ўз эрларини қандай қилиб рози қилиш йўлини ўрганадилар. Ҳа, муқаддас динимиз таълимотлари орқали ҳаётдаги ҳар бир масала ўз ечимини топган, унда бирон нарсанинг ҳал бўлмай қолиши мумкин эмас. Зеро, дин бу ҳаёт демакдир.
     Сиз саволда “уйланишдан олдин қизларга қандай қаралади, ахир бу зино-ку”, деб айтяпсиз. Тўғри, номаҳрам аёлларга шаҳват билан қараш кўз зиноси ҳисобланади. Аммо уйланаётган йигит қизга назар солишига рухсат берилган, ҳатто тарғиб қилинган. Зеро, бу умр савдоси. Киши уйланмоқчи бўлгани қиз ёки аёлга қараш орқали унинг чиройли ёки хунуклиги, ўзини қандай тутиши ва ҳоказолар ҳақида қайсидир маънода тасаввурга эга бўлиши керак. Ана шунда йигитда ўша қизга уйланиш учун рағбат пайдо бўлади ёки аксинча ўзига тўғри келмайдиган қиз бўлса узоқлашади. Бу эса аввал бир-бирини кўрмасдан уйланиб, тўйдан сўнг бир-бирининг ёқмайдиган жиҳатларини кашф этгач, орага совуқчилик тушишидан яхшироқдир.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: كُنْتُ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَتَاهُ رَجُلٌ فَأَخْبَرَهُ أَنَّهُ تَزَوَّجَ امْرَأَةً مِنْ الأَنْصَارِ فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَنَظَرْتَ إِلَيْهَا قَالَ: لاَ قَالَ: فَاذْهَبْ فَانْظُرْ إِلَيْهَا فَإِنَّ فِي أَعْيُنِ الأَنْصَارِ شَيْئًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.

 

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдилари эдим. Бир киши келиб ансорлардан бир аёлга уйланаётганини айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Ўша аёлга назар солдингми?” дедилар. У: “Йўқ”, деди. Шунда у зот: “Бор, унга назар сол. Зеро, ансорларнинг кўзларида бир нарса бор”, дедилар” (Муслим, Насоий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).
     Бу ривоятда уйланмоқчи бўлган йигит қизнинг юзига қараши жоиз экани маълум қилинмоқда. Жумҳур уламоларга кўра, уйланишдан олдин қизнинг юзига назар солиш мустаҳабдир. Лекин, бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. Бунда юзи ва икки кафтига қараш жоиз. Аёлнинг бу аъзолари аврат эмас. Яна ҳожат тушганда номаҳрам аёлнинг юзига қараш мумкин. Масалан, олди-сотди, гувоҳлик бериш ва бошқа ҳолатларда. Номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарилган. Атайин, ўз нафсининг шаҳвоний майлини қондириш мақсадида бегона-номаҳрамга назар солишни кўз зиноси деса бўлади. Аммо, уйланмоқчи бўлган қизга юқоридаги мақсадларда қараш кўз зиноси бўлмайди. Баъзилар уйланишдан олдин ҳам қизнинг юзига назар солиш макруҳлигини айтишган экан. Аммо, имом Нававий “Саҳиҳу муслим”га ёзган шарҳида бу гап Ислом умматининг машҳур ва жумҳур уламолари гапига хилоф эканини таъкидлаган.
      Никоҳдан олдин қиз ва йигит учрашувчи, албатта, гувоҳлар иштирокида бўлиши керак. Уйланишдан олдин қизга назар солишда ҳам кўп ҳикматлар бор. Бунда, аввало иккала тараф бир-бирига муносиб ё муносиб эмаслиги маълум бўлади. Кейин, агар бир-бирларини кўриб мойиллик билдирсалар, ораларида яқинлик, илиқлик пайдо бўлади.
      Юқорида келтирилганлардан хулоса қиладиган бўлсак, мусулмон йигитлар уйланишдан олдин ўзларига муносиб рафиқа танлашга жуда эътиборли бўлишлари керак. Сабаби рафиқа билан бутун умр бирга ҳаёт кечирилади. Яна фарзандларининг онаси айнан ўша аёл бўлади. Шунинг учун биринчи ўринда аёлнинг дин-диёнати, имони, илми, ахлоқ-одобига эътибор қаратилади. Кейинги ўринда чирой туради. Сабаби қараганда кўнгил хурсанд бўладиган хотин оила мустаҳкамлиги асосидир. Бундан кейинги ўринларда насл-насаб ва бойлик туради. Аммо булар деярли эътибор қаратилмайдиган жиҳатлардир. Зеро, инсоннинг бахтли-саодатли бўлишида бу иккиси қисман аҳамиятга эга, асосийси имон ва адоб-ахлоқдир.