Зарра миқдоридаги нарса ҳам Роббингиздан четда қолмайди!

20 Fev 2017 3254

    20-асрнинг биринчи ярмида атом кашф қилинганда, олимлар моддалардаги энг кичик нарса атом бўлиб, у бўлакларга бўлинмайди, деб ўйлаганлар. Лекин Қуръони Карим борлиқда атомдан ҳам кичикроқ нарса борлигини баён қилган.
     Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида шундай деб марҳамат қилган:

 

لَا يَعْزُبُ عَنْهُ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ فِي السَّمَاوَاتِ وَلَا فِي الْأَرْضِ وَلَا أَصْغَرُ مِنْ ذَلِكَ وَلَا أَكْبَرُ إِلَّا فِي كِتَابٍ مُبِينٍ

 

      “Осмонлар ва Ердаги бир зарра мисолича, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирор нарса Ундан махфий бўлмас ва албатта, (у) аниқ Китобда (Лавҳул-маҳфузда) мавжуддир” (3-оят).
       Аллоҳ таоло Юнус сурасида бундай деб марҳамат қилган:

 

وَمَا يَعْزُبُ عَنْ رَبِّكَ مِنْ مِثْقَالِ ذَرَّةٍ فِي الْأَرْضِ وَلَا فِي السَّمَاءِ وَلَا أَصْغَرَ مِنْ ذَلِكَ وَلَا أَكْبَرَ إِلَّا فِي كِتَابٍ مُبِينٍ

 

       “Ерда, хоҳ осмонда бирор зарра миқдорида ёхуд ундан кичикроқ нарса ҳам Раббингиздан четда қолмайди, балки (у) аниқ битик (Лавҳул-маҳфуз)да бордир” (61-оят).
      Ушбу оятларда айтилган зарра – атомдан кичикроқ нарса илмий жиҳатдан ҳам собит бўлди. Тадқиқотчилар атомнинг ўзи ҳам бир неча бўлакларга бўлинишини кашф қилдилар. Шундай қилиб, атом протон, электрон ва нейтронга бўлинар экан. Протон мусбат электр зарядли, электрон манфий электр зарядли, нейтрон эса, мувозанатлаштирувчи зарядли экан. Бу эса, мавжудотларнинг табиатлари, феъл-атворлари орасида қатъий мувозанат борлигига далолат қилади. Зеро, мусбатнинг рўпарасида манфий бўлади. Худди шунингдек, манфийнинг рўпарасида мусбат бор. Манфий ва мусбат электр зарядлари орасида зарядларни мувофиқлаштирувчи, мувозанатлаштирувчи, бошқага тортилмайдиган, бошқани ҳам тормайдиган заряд бордир.
       Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай деб марҳамат қилган:

 

وَأَنْبَتْنَا فِيهَا مِنْ كُلِّ شَيْءٍ مَوْزُونٍ

 

       “...Унда (ҳар ернинг ўзига) мос турли нарсаларни (ўсимлик ва меваларни) ундирдик” (19-оят).

        Яъни, Аллоҳ таолонинг тақдири билан мувозанатини сақловчи нарсаларни. Яна илмий жиҳатдан собит бўлдики, кимёвий моддалардан уран ва радийнинг атомлари автоматик равишда парчаланиб, ўзидан анча кичик бўлган бўлакларга бўлинар ва ўша бўлаклардан электр зарядлар ва уч турдаги нурланишлар (радиациялар) таралиб турар экан. Биринчисини alfa нурланиш, иккинчисини beta нурланиш, учинчисини gamma нурланиш деб аталади. Ҳар бир нурланишнинг ўзига хос хусусиятлари, тавсифлари бор бўлиб, бири иккинчисидан фарқ қилар экан.

Доктор Саййид Жамилийнинг “Ал-Иъжоз ал-илмий фил Қуръан” (“Қуръондаги илмий эъжоз”) номли китобидан таржима қилинди



Муҳиббуллоҳ Худойбердиев,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тўрақўрғон туманидаги вакили, Тўрақўрғон тумани “Қўчқор ота” жомеъ масжиди имом хатиби