Юсуф алайҳиссалом оға-иниларининг ҳасади

17 Sen 2016 3358

    Қуръони каримдаги Юсуф алайҳиссалом қиссасида ҳаётий мисоллар ифодаланган, ҳасад зулмати, ҳақиқат зиёси баён этилган. Юсуф алайҳиссалом ҳали бола эканида бир туш кўрди ва уни отаси Яъқуб алайҳиссаломга айтди. Бу ҳақида Қуръонда шундай дейилади: “Юсуф отасига: “Эй отажон, мен ўн битта юлдузни ҳам қуёш ва ойни ҳам кўрдим, уларнинг менга сажда қилаётганларини кўрдим”, деганини эсланг”. 
    Яъқуб алайҳиссалом боласига тушда етган хабар бежиз эмаслигини, бу ёшдаги равон башорат остида сир борлигини билиб, тараддудга тушди. Чунки туғишмаган (ота бир она бошқа) акаларга бу туш маъқул бўлмаслигиги ҳис этарди. Шунинг учун ўғлига қараб деди: “Эй ўғлим, тушингни акаларингга айтма. Яна улар сенга бирон ҳийла қилмасинлар. Албатта шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир”. 
     Ота туғилажак ҳасаддан хавфда бўлганидан, ўғлини огоҳлантирди: “Шундай қилиб, Раббинг сени танлаб олади, сенга тушларнинг таъбирини ўргатади, сенга ва Яъқуб аҳлига, худди оталаринг Иброҳим ва Исҳоққа батамом қилганидек, Ўз неъматларини мукаммал қилиб беради. Албатта Парвардигоринг билувчи ва ҳикматли Зотдир”, деди. 
     Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки фарзандидан бу тариқа Юсуф алайҳиссаломнинг танланиши бежиз эмас эди. Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки ўғлининг ўнтаси бир онадан, Юсуф алайҳиссалом билан укаси Бинёмин ўзга онадан эдилар. Акалари шу сабабдан Юсуф алайҳиссалом ва укасига бошқачароқ кўз билан қараб, оталари укаларини суйса рашклари келарди. Ўзаро суҳбатларда отадан шубҳаланиб, ғийбатга борардилар. Қалбларида ҳосил бўлган ҳасад ва ғурур уларни адаштираётган эди. Бу бир васваса бўлиб, малъун шайтон измида эдилар. Шу сабаб оталарига нисбатан “отамиз очиқ-ойдин залолатда” деган қарорга келдилар. Уларнинг бу хос хулосалари оталари шаънига туҳмат эди. Оқибатда бутунлай иблис измида ўзаро келишиб, Юсуф алайҳиссаломга қасд қилиш пайида бўлишди. Шу мақсадда улар оталари билан у ҳақида тортишдилар. 
     Келинг, мазкур ибратли қиссани бир бошидан кўриб чиқамиз. Қисса қуйидаги оят билан бошланади: “Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-иниларида сўрагувчилар учун оят-ибрат бордир. Ўшанда улар айтган эдилар: “Гарчи биз бутун жамоат бўлсак-да, шак-шубҳасиз, Юсуф ва унинг биродари отамизга биздан кўра суюклироқдир. Дарҳақиқат, отамиз очиқ залолатдадир. (Яна дедилар:) “Юсуфни ўлдиринглар ёки бирон жойга олиб бориб ташланглар, (шундагина) оталарингиз фақатгина сизга боқар. Кейин эса яхши қавм бўлиб олурсизлар . (Шунда) улардан бир сўзлагувчи деди: “Юсуфни ўлдирманглар, балки агар бирон иш қилмоқчи бўлсангизлар, уни қудуқ қаърига ташлаб юборинглар, йўловчи карвонлар олиб кетсин”. Улар дедилар: “Эй ота, не сабабдан Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир, биз уни, шак-шубҳасиз, холис (яхши кўрувчи)лармиз-ку. Уни эртага биз билан юборгин, ўйнаб-ёзилиб келсин. Албатта биз уни қўриқлаб-муҳофаза қилувчилардирмиз”. (Яъқуб) деди: “Уни олиб кетишларингиз мени маҳзун қилур. Мен, сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқурман”. Улар дедилар: “Қасамки, агар биз бутун бир жамоат бўлган ҳолимизда уни бўри еб кетса, демак биз, шак-шубҳасиз, зиён кўргувчи – ҳалок бўлгувчилардирмиз”. Бас, қачонки уни олиб кетишиб, сўнгра қудуқ қаърига ташлашга қасд қилган вақтларида, Биз унга: “Сен албатта бу қилмишлари ҳақида хабар берурсан. Улар ўшанда сезмайдилар ҳам”, деб ваҳий қилдик” (Юсуф сураси, 7-15-оятлар). 
      “Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-иниларидан сўрагувчилар учун оят-ибрат бордир”. Яъни: Юсуф ва оға-инилари қиссасида уларнинг қиссаси ҳақида сўровчи, ушбу қиссадаги хукмлардан ўзи учун керакли хулоса чиқариб олувчи ақл соҳиблари учун ибрат ва панд-насиҳатлар бор. Мазкур оят билан Юсуф алайҳиссалом қиссаси бошланади. Бу оят кейинги ҳодисаларга ўқувчи диққатини тортади, воқеаларнинг кейинги ривожи ва тафсилотларидан хабардор бўлишга ундайди. Ўшанда улар айтган эдилар: “Гарчи биз бутун жамоат бўлсак-да, шак-шубҳасиз, Юсуф ва унинг биродари отамизга биздан кўра суюклироқдир. Дарҳақиқат, отамиз очиқ залолатдадир”. 
       Бу ердаги “унинг биродари”дан мурод Юсуф алайҳиссаломнинг туғишган укаси Бинёминдир. У Юсуфдан кичик бўлган. Қолган оға-инилари отасининг бошқа хотинларидан туғилган эдилар. Бу ердаги залолатдан мурод, ақида ва диндаги адашишлик эмас, балки фарзандларга нисбатан муносабатдаги адашишлик, уларнинг мавқеини тўғри баҳоламасликдир. Яъни: оға-инилар Юсуфга макр қилиш режасини туза туриб, шундай дедилар: 

 

– Гарчи бизлар отамизнинг хизматига яроқли ва унга кўп манфаат берадиган бўлсак-да, Юсуф ва унинг укаси Бинёмин отамизга биздан кўра севимлидир, отамиз у иккисини бизлардан устун қўймоқда! Албатта, отамиз ушбу қилмиши билан катта хато қилаяпти. У биз турганда қаёқдаги икки ёш болани бизлардан афзал кўрмоқда! 

 

    Улар ушбу гаплари билан келажакда Юсуфга қиладиган макрларининг айбини оталарига юклаб, ўзларини оппоқ қилиб кўрсатмоқчи эдилар. Бизларни Юсуф ва Бинёминдан айри қилган, ораларимизга совуқчилик тушишга сабаб бўлган киши фақатгина отамиз, демоқчи бўладилар. Оталарига нисбатан улар томонидан айтилган бу ҳукм ноўрин эди, чунки Юсуф алайҳиссаломда афзал кўрилишликка лойиқ бўладиган кўплаб фазилатлар бисёр ва жамул жам эди. 
     Алусий айтади: “Ривоят қилинишича, Юсуф алайҳиссалом қолган оға-иниларидан кўра отасига маҳбуброқ бўлган. Бунга сабаб унинг гўзал хулқи, одоб-аҳлоқи эди. Қачонки юқорида зикр қилинган тушни кўргач, Яқубнинг ўғлига бўлган оталик муҳаббати янада зиёдалашди. Бу ерда Яъқуб алайҳиссаломни маломат қилиш жоиз эмас, чунки муҳаббат қалбга инсон боласининг хоҳиш-иродасига қараб ёки бирон кишининг таъсири остида кирмайди” (“Тафсирул алусий”, 12-жилд, 171-бет). 
      Шундан сўнг Юсуф алайҳиссаломни нима қилиш тўғрисида қарор қилганликлари ҳақида айтилади: “Юсуфни ўлдиринглар ёки бирон жойга олиб бориб ташланглар, (шундагина) оталарингиз фақатгина сизга боқар. Кейин эса яхши қавм бўлиб олурсизлар”. Яъни: оға-инилар пинҳона маслаҳатлаша туриб дедилар: 

 

– Отамизга бизлар муносиб бўлсак-да, Юсуф ва унинг укасини бизлардан афзал кўриш билан жуда чегарадан чиқиб кетди. Ваҳоланки, шу ишида давом этар экан, бунинг ёлғиз чораси, Юсуфни ўлдириш ёки нотаниш-овлоқроқ бирон жойга гумдон қилишдир, токи у ўша ерларда сарсон-саргардон ҳолида ўлиб кетсин Агар шундай қилсангизлар, бу кўргуликлардан халос бўласизлар ва шунда ўз-ўзидан отангиз сизларга муҳаббат қўяди. Бунда сизларга ҳеч ким шерик бўла олмайди. Илгари фақатгина Юсуф ва укасига эътибор берган бўлса, эндиликда бор диққат-эътибор сизларга қаратилади! Ҳозир сизлар Юсуфни ўлдириш ёки уни олисроқ бир жойга даф қилиш билан ундан қутилаверинглар, кейин Аллоҳга тавба-истиғфорлар айтиб, солиҳлардан, гуноҳдан покланган кишилардан бўлиб оласизлар. Албатта Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилади. Агар шундай қилсаларингиз нафақат динингизда, балки дунёйингизда ҳам солиҳ кишилардан бўласизлар. Чунки Юсуфнинг ораларингизда мавжуд бўлиб туриши сизларни ташвишга келтирмоқда! 

 

    Юқорида кўриб ўтганимиздек, агар инсон нафсида нафрат устунлик қилса ёки бошқа бировга нисбатан гина-кудурат бўлса, охир-оқибат унда энг разил ва чиркин иллат бўлмиш ҳасад пайдо бўлади. Шунда одам ҳар бир нарсага тўғри нуқтаи назардан ёндаша олмай қолади. Энди у фақат ҳавойи нафси нуқтаи назаридан қарайдиган бўлиб қолади. Уларнинг назарида кичик каттага, катта кичикка айланади. Юсуф оға-иниларининг назарича, оталарининг унга бўлган муҳаббати оғир бир жиноят эди. Айни пайтда эса ўзлари қотиллик каби энг оғир жиноятни енгил санамоқда эдилар, қилғиликни қилиб, сўнгра ўзларини Аллоҳ олдида, оталари ва бошқалар олдида пок, гуноҳлардан холи эканликларини исботламоқчи бўлаяптилар. 
    Оға-инилар шундай қабиҳ ишни амалга ошириш арафасида турар эканлар, улар орасидан бири туриб деди: “Юсуфни ўлдирманглар, балки агар бирон иш қилмоқчи бўлсангизлар, уни қудуқ қаърига ташлаб юборинглар, йўловчи карвонлар олиб кетсин”. 
     Оятнинг маъноси қуйидагича: кичик укаларига нисбатан қилаётган бундай қабиҳ бир ҳукмларини эшитиб ташвишга тушган оға-иниларидан бири шундай деди: 

 

– Юсуфни ўлдирманглар! Зеро, қотиллик катта гуноҳдир! Унинг ўрнига Юсуфни қудуқнинг энг тубига ташлаб юбора қолинглар. Шунда у дом-дараксиз йўқолади. Балки уни йўловчилар қудуқдан тортиб олишар ва у шунда сизлардан узоқ бўлган жойларга равона бўлар. Шу зайл қалбларингиз ором олади ва оталарингиз ҳам сизларга боқади! 

 

    Ушбу гаплар ака-укаларнинг қайси бир томонидан айтилгани Қуръони каримда тилга олинмаган, чунки бундан бирон фойда йўқ. Лекин, баъзи муфассирлар: “Сўзлагувчидан мурод, Яҳузодир”, – деб айтишган. Асосийси, у оға-инилар орасидаги бир киши эди ва улар Юсуфни то ажали етгунича ўлдирмасликка қарор қилдилар. 
    Айтишадики, ушбу таклифда ибрат, ҳикмат ва фикр соғломлиги бор. У оға-иниларини қасос олишда чегарадан чиқиб кетишдан қайтариб қолди, уларга бошқа бир таклифни ўртага ташлади. У ҳам бўлса, Юсуфни отасининг кўзидан узоқлаштириб, қудуқ қаърига ташлаб юбориш эди. Оға-инилар шундай қарорга келишганидан сўнг, Яъқуб алайҳиссалом олдига келиб шундай дедилар: “Эй ота, не сабабдан Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир биз у учун холисларданми-ку. Уни эртага биз билан юборгин, ўйнаб ёзилиб келсин. Албатта биз уни муҳофаза қилгувчилардирмиз”. Яъни: оға-инилар Юсуфни ўзлари билан сафарга олиб чиқиш учун оталарини кўндириш пайида: 

 

– Эй ота, нега сен Юсуфни бизлар билан сайлга чиқишига кўп ҳам ишонмайсан? Ваҳоланки, биз уни жуда яхши кўрамиз. Ахир у кичик укамиз бўлса, биз унга фақат чин дилдан яхшилик қилишни хоҳлаймиз, унга нисбатан қалбимизда на бирон кек-адоват ва на бир ғаразимиз бор! – дедилар. 

 

   Сўнгра улар ўз талабларига қуйидаги жумлаларни ҳам зиёда қилдилар: “Уни эртага биз билан юборгин, ўйнаб ёзилиб келсин”. Бу ердаги ўйиндан мурод, хордиқ чиқариш ва чарчоқбосди ўйинларни ўйнашдир. Яъни: эй ота, уни биз билан юборгин, турли хил мева-чева ва шунга ўхшаган нарсалардан истаганича есин. Сакраш, югуриш ва ҳар хил мусобақалар орқали ўзидаги чарчоқни чиқарсин, кўнгли ёзилсин. Албатта биз унга азият ёки бирон ёмон кор-ҳол бўлишига ҳам йўл қўймаймиз. Уни ҳар қандай фалокатдан кўз қорачиғимиздек асраймиз, ҳатто гард ҳам юқтирмаймиз! 
     Уларнинг бу гапидан ўзларининг ғаразли, манфур ниятларини амалга ошириш учун оталарини кўндиришга қаттиқ бел боғлаганликларини тушуниш қийин эмас. Шундан сўнг оталарининг уларга қилган жавоби келтирилади: “Уни олиб кетишларингиз мени маҳзун қилур. Мен, сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқурман”. Яъни: эй ўғилларим, Юсуфдан бироз муддат бўлса-да айрилишим мен учун оғирдир. Бу нарса мени қаттиқ ғамга ботиради. Шунинг баробарида агар сизлар уни ўзларингиз билан сафарга олиб чиқадиган бўлсангиз, сизлар ўз ишингиз билан машғул ёки беэътибор бўлганингизда уни бўри еб кетишидан хавфсираяпман. 
Шунда оға-инилар қатъий оҳангда шундай дедилар: 

 

– Қасамки, агар биз бутун бир жамоат бўлган ҳолимизда уни бўри еб кетса, демак биз, шак-шубҳасиз, зиён кўргувчи – ҳалок бўлгувчилардирмиз. 

 

Яъни: улар оталарининг қалбига хотиржамлик киритиб, дилидаги ғулғулани аритиш, ундан қўрқув ва махзунликни кетказиш мақсадида: 

 

– Эй ота, Аллоҳга қасамки, Юсуф биз билан биргаликда, унинг хавфсизлиги ва саломатлигига ўта ҳарисманд бўлган ҳолимизда, агар уни бўри еб кетадиган бўлса, унда биз катта зиён кўргувчилардан, бирон нарсага салоҳиятсиз кишилардан ҳисобланамиз, – дедилар. 

 

     Охир-оқибат, чорасиз қолган ота ўғилларининг бу талабларига рози бўлишга мажбур бўлди. Қуръон буни ўзининг балоғат ва фасоҳатли услуб ила ҳикоя қилади: “Бас, қачонки уни олиб кетишиб, сўнгра қудуқ қаърига ташлашга қасд қилган вақтларида, Биз унга: “Сен албатта бу қилмишлари ҳақида хабар берурсан. Улар ўшанда сезмайдилар ҳам”, деб ваҳий қилдик”. Яъни: қачонки улар оталарини кўндиришгач, эртаси куни Юсуфни ўзлари хоҳлаган томонга олиб кетдилар. Ва уни қудуққа ташлашга келишиб, буни бажардилар ҳам. Улар ҳеч раҳм-шафқатсиз, тошбағирлик билан ушбу ишни амалга оширдилар. Биз Юсуф қудуққа ташланаётган пайтида қалбига илҳом солиш орқали (ёки Жаброил алайҳиссалом орқали) ваҳий қилдикки: 

 

– Эй Юсуф, вақти келиб Аллоҳ хоҳласа, улар сенга ёшлигингда нима ишлар қилганлари ва қандай озор берганликларини ўзларига хабар қиласан. 

 

     Бу ердаги оға-иниларнинг қилмишларидан мурод, унга озор беришлари ва Юсуф алайҳиссаломни қудуқнинг қаърига ташлаб юборишларидир. “Улар ўшанда сезмайдилар ҳам”. Яъни: вақти-соати келиб, уларга қилиб ўтган ёмон ишлари ҳақида айтганингда, бу сен, яъни Юсуф эканингни сезмайдилар. Чунки улар орадан анча вақт ўтиб кетгани сабаб сени ўлиб кетган, деб ҳисоблайдилар. Сен ўшанда бутун бир мамлакат хазинасига қўриқчи бўласан. Улар бўлса сендан мадад ва марҳамат сўраб ҳузурингга тиз чўкиб келадилар. 
    Аллоҳ таолонинг ушбу амри кўп ўтмай ўз тасдиғини топди. Оятда шундай дейилади: Энди қачонки (Мисрга етиб келиб Юсуф алайҳиссалом)нинг ҳузурига киришгач, дедилар: “Эй улуғ зот, бизни ва аҳли оиламизни очарчилик ушлади” (Юсуф сураси, 88-оят). 
     Ушбу ваҳий Юсуф алайҳиссаломга у балоғат ёшига етмасидан ёки пайғамбар бўлмасидан олдин қилинганди. Бундан кўзланган мақсад унинг қалбига хотиржамлик солиш, унга келажакда куч-қувват, мол-давлат ва ҳукмронлик насиб этиши ҳақида хушхабар бериш эди. 
     Оға-инилар ўз кирдикорларини амалга оширишгач, “кечқурун оталари олдига йиғлаган ҳолларида келиб: “Эй ота, бизлар Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб қувлашиб кетган эдик, уни бўри еб кетибди. Энди рост гапирсак ҳам сен бизларга асло ишонмайсан”, дедилар”. 
      Бу ердаги “йиғи”дан мурод, оталарининг Юсуф ҳаққини поймол қилмаганликларига ишонтириш учун қилинган сохта, ёлғон йиғилари эди. Мақолда айтиладики, “Фожирнинг кўз ёши қўлидадир”. Яъни, у ёлғондакам йиғлаб, худди ёш чиқаётгандек қўли билан кўзини ишқалайди. Яъни, улар дедилар: 

 

– Эй ота, бизлар ўзаро мусобақалашиб, югуриб юрганимизда Юсуфни сафарда ўзимиз билан олиб чиққан нарсаларимиз (кийим-кечак, озиқ-овқат ва ҳоказолар) олдида қолдириб кетсак, ногаҳон уни бўри еб кетибди. Ундан ҳеч вақо қолмабди. Эй ота, биз сенга Юсуфни бўри еб кетди, – деб айтсак ҳам ишонмайсан. Тўғри сўзлагувчи бўлсак-да, бизларга ишонмаслигингга сабаб – бизлар ҳақимиздаги ёмон гумонинг ва Юсуфга бўлган қаттиқ муҳаббатингдир. 

 

     Юсуфнинг оға-инилари сохта йиғи билан чекланмай, балки унга яна бир ёлғонни ҳам қўшиб қўйдилар: “Ва унинг кўйлагини ёлғон қонга бўяб келтирдилар”. Яъни: улар Юсуфни қудуққа ташлагач, кўйлагини ўзлари билан олиб қолдилар ва уни Юсуфга тегишли бўлмаган бошқа бир қон билан бўядилар. У қон кийик ёки бўри қони ҳам бўлиши мумкин. 
     Яъқуб алайҳиссалом уларнинг юз ифодалари, ҳолатлари ва маҳзун қалбининг нидоси орқали билдики, аслида Юсуфни бўри емаган, балки улар Юсуфга бирон макр-ҳийла қўллаган эдилар. Шу сабаб Яъқуб алайҳиссалом уларга қарата шундай деди: “Йўқ сизларга ҳавойи-нафсларингиз бирон ишни чиройли қилиб кўрсатган”. Яъни: Яъқуб ўғилларига қайғули оҳангда деди: 

 

– Сизлар даъво қилаётганингиздек, Юсуфни бўри еб кетмаган, балки нафрат ва адоватга тўла қалбингиз унга нисбатан бирон ёмонлик, қабиҳ ишни содир этишни сизларга зийнатлаб кўрсатган. Келажакда, Аллоҳ хоҳласа, унинг асл ҳақиқати очилажак! Сизларнинг бу қилмишларингизга нисбатан эса мен чиройли сабр қиламан. Раббимнинг Ўзи ҳақиқатларни юзага чиқарувчи, махфий нарсаларни ошкор қилгувчидир. Мавриди келиб, Унинг иродаси ила ўғлим билан, албатта, яна дийдор кўришамиз! 

 

    Алусий айтади: “Ибн Абу Ҳотим ва Абу Шайх Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Юсуфнинг оға-инилари уни қудуққа ташлашгач, бир кийикни тутиб, уни сўйдилар ва қонига Юсуфнинг кўйлагини ботирдилар. Кўйлакни оталарига келтиришгач, у орқа олдини ўгириб кўриб: “Аллоҳга қасамки, ҳеч замонда бу кундагидек мулойим бўрини кўрмаганман! У ўғлимни ебди-ку, аммо кўйлагини соғ қолдирибди-да”, – деган (Манба: “Тафсирул алусий”, 12-жилд, 179-бет). 
       Бу ерда Яъқуб алайҳиссалом ўғилларининг ёлғон гапирганликларини очиқ-ойдин, хужжат-далиллар билан исботлаб бермоқда . 
    Хуллас, акалари ҳасадлари туфайли Юсуф алайҳиссалом анча-мунча синовларни, машаққатларни бошидан ўтказди, Аллоҳнинг марҳамати билан қудуқдан эсон-омон чиқди, қулликдан қутулди. Охири Миср юртининг ҳукмдорига айланди. Ҳасадгўй акалар эса қилган қишларига пушаймон бўлдилар. Қисса сўнгида айтилишича, Яъқуб алайҳиссалом ўғиллари Юсуф ва Бинёминлар билан яна висол кўришди, уларнинг барчаси Миср диёрида дийдор кўришдилар. Яъқуб алайҳиссалом Яратганнинг инояти билан Мисрга кириб келди. Юсуф алайҳиссалом ота-онасини ва яқинларини юксак ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олди, ота-онасини тахтга кўтарди, улар Юсуфга (ҳурмат юзасидан) сажда қилдилар. 
     Қисса Юсуф алайҳиссалом тимсолида Ислом, имон ҳақиқатини ифодаловчи ибратомуз баёндир. Мазмуни негизида мўмин сифати намоён бўлиб, солиҳ ва комил бандага Ўзининг эҳтироми очиб берилади. Ҳасадга учраган банданинг ғамхўри, синовларидан омонда бўлган инсонгина бўлиши мумкинлигини эслатилади. Шу билан бирга Аллоҳни танимаган, Аллоҳ бандасига ато этган неъматларга ёмон кўз билан қараган кимсанинг ҳолини ҳам кўрсатиб қўяди. Бу қисса адашганлар учун сабоқ, ҳасадга гирифтор бўлганларга шифодир. 

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли