Умматни ҳалокатдан қутқарган аёл

7 Mart 2017 4060

   Мана бу воқеага диққат билан қулоқ тутинг! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам 6-ҳижрий йилда 1400 саҳоба билан Мадинадан Байтуллоҳнинг зиёрати учун борганларида мушриклар Ҳудайбия номли жойда йўлни тўсдилар. Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бу гапни эълон қилиб бўлиб, "Туринглар, шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар", дедилар. Саҳобалар норози бўлиб, бирорталари ҳам жойларидан қимирламадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амрни уч марта қайта-қайта такрорласалар ҳам бирор киши қимир ҳам этмади.
   У зот ғоят маҳзун бўлиб, чодирга, жуфти ҳалоллари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг ёнларига кириб: "هَلَكَ الْمُسْلِمُونَ أمَرْتُهُمْ فَلَمْ يَمْتَثِلُوا" Яъни, "Мусулмонлар ҳалок бўлди. Мен уларга буюрсам менга бўйсинмаяптилар", дедилар.
   Азизлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бежизга ташвишга тушмагандилар. Чунки олдинги пайғамбарларнинг уммати айнан мана шунақа ҳолатда пайғамбарларига бўйсинмаганлари учун бало ва офатлар келган эди.
   Шунда Умму Салама розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар қандай доно вазир ҳам бера олмайдиган маслаҳатни бердилар:

 

"Эй, Аллоҳнинг Расули, айтган амрингиз бўлишини хоҳлайсизми? Ташқарига чиқинг. Улардан бирортасига бир калима ҳам сўз айтмай қурбонлик туяларингизни сўйинг. Сўнг сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин", дедилар.

 

   Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, Умму Салама розияллоҳу анҳо айтганларидек қилдилар. Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошладилар. Шундай қилиб бир муслима аёлнинг тадбири ила Ислом уммати ҳалокатдан қутулиб қолди.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли