Рўзғор ишларидан зерикдингизми? (Аёллар учун)

8 Yan 2018 2665

Замонамиздаги техниканинг ривожи рўзғор юмушлари ва оила ташвишларини қанчалик енгиллатмасин, барибир ҳар куни уй ичида ва ошҳонада ўралашиб юриш кишини зериктириши табиий. Келинг, мана шу зерикарли ҳаётни мазмунли ва фойдали қилиш йўллари билан танишайлик.

 

Бирор ишни қилишда, буни Аллоҳ учун деб ният қилиш қалбимизга нур, кайфиятимизга енгиллик ва ҳотиржамлик беради. Аллоҳ учун қилинган ҳар бир ҳаракат ҳаётнинг мазмуни бўлиб, ҳудди овқатга солинган туз ёки чойга солинган шакар каби умрнинг ширин ўтишига сабаб бўлади. Бу ҳам ибодат саналади.

 

Овқат қилишдан чарчадингизми? Ҳадеб газплитаси ёнида тураверишдан зерикдингизми? Ўз қарашингизни ўзгартиринг. Мақсадингизни ўзгартиринг. Дунёвий мақсадни руҳий озуқага алмаштиринг. Шунда ошхонага кириш сиз учун машаққат эмас, мукофот бўлади.

 

Бунга қандай эришиш мумкин дейсизми? Бу жуда оддий. Рўзғор ташвишлари сиз учун оғир ва зерикарли туюляптими? Сиз ҳозир Аллоҳ таоло сизнинг олдингизда турибди ва бу ишлар (овқат тайёрлаш, йиғиштириш...) унинг учун қилиняпти деб тасаввур қилинг. Ҳаммаси ҳақиқатда юз беряпти деб тасаввур қилиш, ҳолатни тубдан ўзгартиради. Яратганга бўлган муҳаббат сабаб, энди сизда Унинг учун ҳамма нарсани қилиб бериш, яна бирор яхшилик қилиш иштиёқи туғилади.

 

Яна маслаҳат: ҳар бир ишни бошлашдан аввал тавба қилинг. Бу сизга енгиллик беради. Ташвишлардан тўйиб кетган ҳаётингизда янги саҳифа очилади.

 

Масалан: турмуш ўртоғингиз билан ҳафалашиб қолдингиз ва у билан гаплашишни истамайсиз.  Яратганга тавба қилинг. Аллоҳга тавба қилиб, унга бош эгган инсон ўз ёнидаги кишига ҳам паст келиши осонлашади. Қалбингиздаги кибр ўрнига, раҳм – шафқат уйғонади ва жуфтингизнинг хатосини кечиришингиз осон бўлади.

 

Рўзғор юмушларини енгиллатишнинг яна бир неча усуллари бор:

 

-         Қуръон ўқиш ва уни тинглаш, иш вақтида фойдали насиҳатларни тинглаш;

 

-         Уй юмушларини бажараётганда фикру-хаёлда зикр билан банд бўлиш;

 

-         Таом тайёрлашда суннатга риоя қилиш: овқат пиширишни бошлашда “бисмиллаҳ”ни айтиш, тайёрлаш давомида тозаликка риоя қилиш, овқат пишгач ундан қўшниларга ҳам улашиш каби.

 

-         Аллоҳ учун тайёрлаётган таомингизни ҳалол бўлишига ҳаракат қилиш: иш жараёнида маҳсулотларнинг ҳалол қилиб ювилиши, тозаланиши, умуман маҳсулотнинг ўзи ҳалол бўлиши ва албатта, ҳалол йўл билан келган бўлишига эътиборли бўлиш;

 

-         Ҳамиша қалбда ва тилда Аллоҳни ёд этиш ва бу билан доимо яхши кайфиятда юриш;

 

Мазкур қоидаларга риоя қилиб бажарилган ҳар бир иш, тайёрланган таомлар Иншаллоҳ гўзал ва ёқимли бўлади. Аллоҳнинг ёди ва зикри билан тайёрланган таом нафақат ширин, балки фойдали ҳамдир. Аҳир оддийгина сувнинг дуолар таъсирида уз структурасини ўзгартиши фан билан исботланиб турганда, тинимсиз зикр ва дуолар натижасида пишган таом қандай қилиб фойдали бўлмасин. Азиз аёллар,юқоридаги маслаҳатларга ҳеч бўлмаса ҳаётингизни бир кунида тўлиқ риоя қилиб кўринг. Натижаси эса сизни қониқтириши кафолатлаганган!

 

 Камила Раҳимжонова