РОБИУЛ АВВАЛ ОЙИ ЁХУД ДУНЁНИНГ ЗУЛМАТДАН НУРГА ЧИҚИШИ

4 Dek 2016 3851

     Инсонларни тўғри йўлга бошлаш ва зулумотдан нурга олиб чиқиш учун пайғамбарлар жўнатган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!
   Туғулиши билан дунёни нурга тўлдирган ва зиммасидаги вазифасини гўзал тарзда адо қилиб умматларини тунлари кундузидек ёруғ бўлган йўлга солиб кетган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин!
    Бир куни олдимга бир киши келиб: "Қори ака нима учун биз робиул аввал ойини кутамиз ва уни байрамдек нишонлаймиз", деди. Ҳозир сиз азизларга нима учун Робиул аввал ойини нишонлашимизни айтиб бераман:

     Исо алайҳиссаломнинг ўтганларига 500 йилдан ошган, илоҳий ваҳий ердан узилиб қолганлиги сабабли одамлар туғёнга кетган, зино, ўғирлик, ароқхўрлик, бировни ҳаққига хиёнат қилиш, рибо ва бошқа гуноҳлар сабабли дунёни зулумат қоплаб олган. Оз сонли иймонли кишилар охир замон пайғамбарини кутар эди. Қани энди у туғулса-ю, барча гуноҳ ва разилликларга нуқта қўйиб, инсонларни қоронғиликдан ёруғликка, нурга олиб чиқса.
     Ва ниҳоят кутилган онлар етиб келди. Мелодий 571- йил апрел ойи Абдулмутталиб хонадонида чақалоқ туғилди. Чақалоқ туғулмасидан олдин отаси Абдуллоҳ бу оламни тарк қилгани учун чақалоққа ном қўйиш вазифасини бобоси Абдулмутталиб ўз зиммасига олиб Муҳаммад деб ном қўйди. Бу туғулган чақалоқ бошқалардан фарқ қиларди. У қаерга борса ўша ерда хайру барака бўларди. Бировга оғирлиги тушмас, бировни алдамас, ваъдасига вафодор ва азму қарори мустаҳкам эди. Унинг бу хислатларини ҳамма билгани учун уни Муҳаммад амин яъни ишончли ва омонаддор, деб аташар эди. Шу йўсинда Абдулмуттолибнинг невараси Муҳаммад ўсди ва улғайди. 25 ёшга етганда унинг бошқа инсонлардан фарқли ўлароқ доно, довюрак ва омонатдор эканини сезган ўта фаросотли ва оқила аёл Ҳадича Муҳаммадга жуфти ҳалол бўлиб хизматида бўлиш истагини билдирди ва Муҳаммадга никоҳланди. Муҳаммад 40 ёшга етганда Аллоҳ томонидан буюк вазифа ва улкан масъулият у кишининг зиммаларига топширилди; ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳнинг шариатини келтирди ва инсонларни ғафлатдан тетикликка, залолатдан ҳидоятга, зулматдан нурга чиқариш масъулятини топширди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи кунданоқ юклатилган вазифани адо қилишга киришдилар ва йигирма уч йил мобайнида бутун олам йиғилса ҳам қила олмайдиган улкан ишларни қилдилар. Шу йигирма уч йил мобайнида у кишини ўз мақсаларидан қайтариш учун катта пул таклиф қилинди, лекин у киши кўнмадилар. Катта мансаб таклиф қилинди, у киши рад қилдилар, катта обрў ваъда қилинди у киши бош тортдилар. Тоифдаги нодонлар у кишини мақсадларидан қайтариш учун тошбўрон қилишди. Муборак юзлари ва баданларидан қонлар оқиб ковушлари қонга тўлди, лекин буюк мақсадларидан заррача ҳам ортга чекинмадилар. Макка мушриклари томонида у кишига етказилаётган азиятлар кучайгандан кучайди ва у зот ўзлари туғилиб ўсган она юртларини тарк этишга мажбур бўлдилар, лекин бу ҳам у кишини олй мақсадларидан қайтара олмади. Энг ачинарлиси Таврот ва Инжилдан хабардор бўлган аҳли китоблар у кишига иймон келтириб, қўллаб қувватлаш ўрнига у зотни тан олишмади, бу ҳам у зотни вазифани мукаммаладо қилишдан қайтара олмади. У зот Аллоҳнинг амрига итоат қилиб ёвузликка, разолатга, залолатга қарши гўзал ҳикмат ила курашдилар ва инсониятни бўтқоқликдан қуруқликка олиб чиқдилар. Натижада одамлар орасида меҳр-оқибат тарқалди. Ёвузлик ўрнини эзгулик, бахиллик ўрнини саховат, разолат ўрнини адолат, залолат ўрнини ҳидоят эгаллаб олди. Дунё қайта туғулгандек эди гўё! Барча соҳаларда ислоҳотлар олиб бориб қиёматга қадар дастурул амал бўладиган манҳажни қолдириб кетдилар. Мана орадан 14 асрдан кўпроқ вақт ўтган бўлсада, у зотнинг айтган сўзлари ва қолдирган меросларига амал қилиб одамлар ўзини ўғриликдан, зинодан, ароқхўрликдан, рибодан, порахўрликдан ва бошқа гуноҳлардан тийиб юрибди.
       Қисқача қилиб айтганда Қамарий ой билан солиштирганда Робиул аввал ойига тўғри келадиган 571 – йил апрел ойида бизни, нафақат бизни балки бутун инсониятни дўзахдан халос этиб жаннатга киришига сабаб бўладиган зот яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғулганлар. Ер юзидаги барча мусулмонлар ушбу ойни кутишади ва қоронғуликдан нурга чиқишимизга сабабчи бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғулган ойларини байрам сифатида нишонлашади. Мана нима учун биз бу ойни кутамиз!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли