Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидларининг мўжизакор саккиз устуни

25 Noy 2015 3538

    Аллоҳнинг охирги элчиси Муҳаммад а.с. Мадина шаҳрига кўчиб келганларидан сўнг, у ерда масжид барпо этишни ирода қилдилар. Дастлаб масжид қурилганда саноқли устунлар бўлган. Масжиднинг дастлабки устунлари ўзига хос тарихга эга. Устунларнинг жойлашув усули Пайғамбаримиз даврларидан бери давом этиб келмоқда. Масжидга келган ҳар бир киши бу устунларга кўп ҳам эътибор беравермайди. Юқорида айтиб ўтилганидек муқаддас масжидаги ҳар бир устунда ўзига хослик бор. Қуйида мажиддаги баъзи устунларнинг тарихи ҳақида тўхталиб ўтамиз.

 

1. Ҳаннана устуни.

 

Мазкур устун Расулуллоҳ меҳробларининг ўнг томонида жойлашган бўлиб, энг бахтли устун десак муболаға бўлмайди. Чунки унинг ёнида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ўқиганлар. Бу ерда илгари хурмо дарахти ўсган бўлиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маъруза қилганларида шу дарахтга суяниб турардилар. Маъруза қилиш учун минбар ясалганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбардан маъруза қила бошладилар. Шунда ҳалиги хурмо дарахти йиғлабди. Буни масжидаги барча эшитди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дарахт олдига келиб унга қўлларини қўйдилар ва шундай дедилар “Бу дарахтнинг ёнида Аллоҳ эсланар эди, энди минбар қурилгач, унинг ёнида Аллоҳ эсланмаяпти. Шунинг учун у йиғлаяпти. Агар келиб қўлимни қўймаганимда то қиёматгача йиғлаган бўлар эди”. Бу “Ҳаннана” устуни дейилади. Арабчадан таржима қилганда ҳаннана – “йиғлоқи бўталоқ” маъносини англатади.

 

2. Ойша устуни.

 

Бу устунни “Мухожирлар устуни” деб ҳам аташади. Сабаби мухожирлар (кўчиб келганлар) ушбу устун тагида йиғилиб дам олишни яхши кўрардилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ҳаннана” устуни қўйилгунга қадар шу устун тагида ибодат қилганлар. Шунингдек, бу устунни “Қуръа устуни” деб ҳам аташади. Ойша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Бу масжидда шундай жой борки, одамлар унинг қанчалик хайрли жой эканини билганларида у ерда намоз ўқиш учун талашиб, хатто қуръа ташлаган бўлардилар”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг, Ойшадан бу жой масжиднинг қайси жойи эканини сўрашди. Аввалида у айтишни истамади. Кейинчалик Абдуллоҳ ибн Зубайр қаттиқ талаб қилгач айтишга мажбур бўлдилар. Мазкур устун ҳақидаги ҳадисни Ойша онамиз ривоят қилганлари учун ҳам устун Ойша онамиз номлари билан аталган.

 

3. Абу Лубоба ёки Тавба устуни


Мусулмонлар хиёнаткор Бани Қурайза яҳудийларини 25 кун қамал қилдилар. Яҳудийлар иш шу зайлда давом этса, очликдан қирилиб кетишларини билиб, мусулмонлар билан сулҳ қилишга келишдилар. Яҳудийлар билан сулҳ тузгани борган Абу Лубоба яҳудийларга бехосдан мусулмонларнинг асл мақсадини айтиб қўйди. Абу Лубоба бу ишидан минг афсус чекиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўринишдан уялиб, ўзини масжид устунига боғлатиб қўйди ва тавбам қабул бўлмагунча шу ерда боғланиб туравераман, деб қасам ичди. Бу гапларни эшитган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Агар Абу Лубоба олдимга келиб кечирим сўраганда кечирар эдим, ўз билганича иш тутдими, энди Аллоҳдан ҳукм тушмагунча ўша ерда тураверсин”, дедилар. Яҳудийларни қамал қилиш ниҳоясига етгач, Расулуллоҳ Мадинага келдилар. Аллоҳ Абу Лубобанинг тавбасини қабул қилганини ваҳий билан маълум қилиб, Тавба сурасининг 102-оятини нозил қилди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз қўллари билан Абу Лубобани масжид устунидан озод қилдилар. Шу воқеадан сўнг мазкур устун Тавба ёки Абу Лубоба устуни номини олган.

 

4. Сарир устуни.

 

Бу ухлаш учун жой маъноси англатади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу устун тагида эътикоф ўтирганлари ва унинг тагида ухлаганлари ривоятларда келган. Шу сабаб устун юқоридаги номни олган.

 

5. Махрис ёки Али (розияллоҳу анҳу) устуни.

 

Ўша даврда Расулуллоҳни душманлардан ҳимоя қилиш мақсадида саҳобалар навбатма-навбат шу устун тагида қўриқчилик қилар эди. Бу ишни кўпинча ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) бажарарди. Шу сабаб ҳам мазкур устуннинг номи Маҳрис (ҳимоя жойи) ёки Али (розияллоҳу анҳу) устуни деб номланади. Аллоҳ таоло Моида 67-оятини нозил қилгач. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз издошларига бошқа қўриқчилик қилмасликни буюрдилар. Аллоҳнинг Ўзи ҳимоя қилишни ваъда қилди, дедилар.

 

6. Вуфуд устуни.

 

“Вуфуд” элчилар маъносини англатади. Одатда турли қабилалардан хабар олиб келганлар билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу устун ёнида учрашар ва уларга исломдан таълим берар эдилар.

 

7. Таҳажжуд устуни.

 

Масжидни ҳамма тарк этгач, айнан шу устун ёнида Расулуллоҳ таҳажжуд намозини адо этганлар.


8. Жаброил (а.с.) устуни.

 

Жаброил (а.с.) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келганларида шу устун ёнига тушганлар. Ҳозирги кунда бу устунни кўриш имкони йўқ. Сабаби бу устун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабрлари ёнида жойлашган.

     Мазкур 8 устун худди Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидлари ва Мадина шаҳри сингари ўзига хос тарихга эга. Бир ўйлаб кўринг, бир неча юз йиллар илгари айнан шу устунлар атрофида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва У зотнинг сафдошлари юрган. Насиб қилиб Мадина шаҳрига борсангиз, албатта, бу устунларга эътибор беринг ва уларнинг атрофида содир бўлган воқеаларни ёдга олинг.





Мақсуд Каримов таржимаси / www.muslim.uz /