Мусо алайҳиссалом йўқлигида Бани Исроилнинг бузоққа сиғиниши - 2

14 Okt 2015 3103

     

      Аъроф сурасида Бани Исроилнинг бузоққа сиғиниши ҳақидаги қиссанинг бошқа жиҳатлари баён этилган. Аллоҳ таоло айтади: 
“Мусонинг қавми ундан кейин ўзларининг безак буюмларидан овоз чиқарадиган бир бузоқ шаклини (ясаб) олдилар. Ахир улар ўша (бузоқ) ўзларига сўзлай олмаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини билмайдиларми?! Улар ўшани ушлаб, зулм қилувчилардан бўлдилар. Қачонки қўлга тушишгач ва ўзларининг йўлдан озганларини билишгач, айтдилар: “Қасамки, агар Парвардигоримиз бизга раҳм этмаса ва мағфират қилмаса, албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз”. Қачонки Мусо қавмига ғазабланган ва хафа ҳолида қайтгач: “Менинг ортимдан нақадар ёмон қолувчи бўлдингиз. Парвардигорингизнинг амр-фармони (етиб келгунича сабр қилмай) шошиб кетдингизми?” деб лавҳларни ташлаб юборди ва акасининг бошидан ушлаб ўзига торта бошлади. (Ҳорун) деди: “Эй онамнинг боласи, биродарим, бу қавм мени хўрлаб, ўлдиришларига оз қолди. Энди сен ҳам бу душманларни менинг устимдан кулдирма ва мени золим қавм билан бирга қилма!” (Мусо) деди: “Парвардигорим, мени ва биродаримни Ўзинг мағфират этгайсан ва бизни Ўз раҳматингга дохил қилгайсан, Ўзинг раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғисан!” Шубҳасиз, бузоқни ушлаб олган кимсаларга Парвардигори тарафидан ғазаб ва дунё ҳаётида хор-зорлик етар. (Аллоҳ) шаънига ёлғон тўқувчиларни мана шундай жазолаймиз. Гуноҳ ишларни қилиб, кейин уларнинг ортидан тавба қилган ва имон келтирган кишилар учун эса, албатта Парвардигорингиз ўшандан кейин ҳам мағфират қилувчи, Меҳрибондир” (Аъроф сураси, 148-153-оятлар). 
Мусо алайҳиссалом Парвардигоридан Тавротни қабул қилиб олиш учун кетганида, эски иллатларидан фориғ бўлиб ургурмаган Бани Исроил зийнатлардан ясалган бузоқ ҳайкалини ўзларига худо қилиб олдилар. 
    “Ахир улар ўша (бузоқ) ўзларига сўзлай олмаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини билмайдиларми?!” 
Улар ақлсиз ва жоҳил бўлмасалар, шундай қабиҳ ишга қўл урармидилар!? Бани Исроил қавми шу даражада жаҳолат қаърига ботган эдики, ўзлари сиғинаётган жонсиз бузоқ биронта ҳам сўзни сўзлолмаслиги, уларнинг хатосини тузатиб, тўғри йўлга бошлай олмаслигини ўйлаб ҳам кўрмас, жонсиз ҳайкал илоҳ бўлолмаслигини хаёлларига келтирмасдилар. 
Бундай иллатига эга нарса қандай қилиб илоҳ бўлсин? Ваҳоланки, илоҳликка энг муносиб Зот бўлган Аллоҳ таоло пайғамбарларига сўзлайди, бандаларини тўғри йўлга бошлайди, уларни ёмонликдан қайтаради. 
    “Улар ўшани ушлаб, зулм қилувчилардан бўлдилар”. 
Яъни, улар ўша бузоқнинг жонсиз ҳайкали бирон нарсага қодир эмаслигини била туриб уни илоҳ деб даъво қилдилар. Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш ва ботилни ҳақ деб даъво қилиш билан ўзларига зулм қилдилар. 
      Шундан сўнг Бани Исроил қилаётган бу ишлари залолат эканини сезиб қолишгани баён этилади: 
“Қачонки қўлга тушишгач ва ўзларининг йўлдан озганларини билишгач, айтдилар: “Қасамки, агар Парвардигоримиз бизга раҳм этмаса ва мағфират қилмаса, албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз”, дедилар. 
     Бани Исроил қавми бузоққа сиғиниш хато эканига амин бўлиб, қилган ишларига афсус чекишди ва ҳасрат-надомат ила: 
– Агар Меҳрибон Аллоҳ бизга раҳм қилмаса, ҳолимизга вой! У ҳолда биз амали бекор бўладиган кимсалардан бўлиб қоламиз! – деб оҳу нола чекишди. 
Бу пушаймон Мусо алайҳиссалом қайтиб келганидан кейин бўлган. Сабаби Ҳорун алайҳиссалом гумроҳ қавмни бу ишдан қайтарганида, улар Мусо қайтиб келгунича бузоққа сиғинишни давом эттиришларини очиқчасига эълон қилишганди. 
     Бани Исроилнинг қилмишига надомати Мусо алайҳиссалом келганидан кейин бўлганига яна бир далил, Пайғамбар мийқотдан қайтиб келгач, бузоққа сиғиниб турган қавмни қаттиқ танқид қилади, уларни бу ишдан қайтаради. Агар улар Мусо келмасидан олдин айбларига иқрор бўлиб, ширк амалдан воз кечганларида, Мусо алайҳиссаломнинг ғазабланишига ҳожат қолмасди. 
“Қачонки Мусо қавмига ғазабланган ва хафа ҳолида қайтгач: “Менинг ортимдан нақадар ёмон қолувчи бўлдингизлар”, деди. 
      Мусо алайҳиссалом Тур тоғидан қайтиб келгач, қавми бузоққа сиғинаётганини кўриб қаттиқ ғазабланди, мана шу тил-забонсиз бузоқ туфайли фитнага тушганларидан жуда хафа бўлди ва: 
– Мен Раббим билан муножат қилгани кетганимда ортимдан қандай ёмон ўринбосар бўлдингиз! Сизлардан Аллоҳга ихлос билан ибодат қилиш ва мен келтирган шариатга амал қилиш ҳақида олинган аҳднома ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадингиз, – деди. 
    “Парвардигорингизнинг амр-фармони (етиб келгунича сабр қилмай) шошиб кетдингизми?” 
Яъни, менга берган аҳдингизга турмай бузоққа сиғинишга шошилдингизми? Ўз динингизни ўзгартириб, мана шу ҳайкалга сиғиндингизми?! 
      Шундан сўнг ғазаби чиққан Мусо алайҳиссалом нима қилгани баён этилади: 
“(Мусо қўлидаги) лавҳларни ташлаб юборди ва акасининг бошидан ушлаб ўзига торта бошлади”. 
      Қавми ширк томон қадам босгани сабаб Мусо алайҳиссалом жунбушга келди ва қўлидаги лавҳаларни ташлаб юборди. Бу Аллоҳ учун қилинган ғазаб эди. Бу ўз дини учун қилинган ғазаб эди. Зеро, Мусо алайҳиссалом жон куйдириб қавмини Яккаю Ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақирсаю, оз муддат йўқ бўлганида қавми бутга сиғинишга ўтиб кетса. Бу қилмишга соғлом фикр ва ақл соҳиби чидаб туролмасди. 
     Мусо дарғазаб ҳолда қўлидаги лавҳаларни ташлаб юборгач, биродари Ҳоруннинг сочидан торта бошлади. Сабаби у қавмига насиҳат қилишда сускашликка йўл қўйган, улар бузоққа топинишларига рози бўлиб индамай тураверган, деб ўйлаганди. 
Дакки эшитган Ҳорун Мусо алайҳиссалом қалбидаги ака-укалик меҳрини уйғотиш, ғазабини босиш ва ўзининг айбсиз эканини билдириш учун: 
– Эй онамнинг боласи, биродарим, бу қавм мени хўрлаб, ўлдиришларига оз қолди. Энди сен ҳам бу душманларни менинг устимдан кулдирмагин ва мени золим қавм билан бирга қилма! деди. 
Яъни, эй биродаримнинг ўғли, мени уларга қаршилик қилмаган, деб ўйлама. Уларга етарлича насиҳат қилдим. Аммо улар сўзимга қулоқ солмадилар. Айтганларимга парво қилмай, менинг айтган гапларимни назарга илишмади. Ширкдан қайтарганим учун мени ўлдиришларига оз қолди. Шундай экан, мени бу қавм билан бир қаторда санама. Зеро, мен улардан айроман. Улар насиҳатни хушламадилар, ўз билганларидан қолмадилар! 
Бу таъсирли сўзлардан кейин Мусо алайҳиссалом биродари айбсиз эканини билди ва: 
– Парвардигорим, мени ва биродаримни Ўзинг мағфират қилгайсан, бизни Ўз раҳматингга дохил қилгайсан, Ўзинг раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғисан! деди. 
Мусо биродари Ҳорунни ноҳақ айблаганини билгач: 
– Парвардигоро, биродаримга қўполлик қилганим учун мени кечир! Шунингдек, биродаримни ҳам мағфират қил! Зеро, Сен уни мендан яхши биласан. Бизларни раҳматингга дохил қил. Зеро, Сен энг раҳмли Зотсан, – деди. 
Шу билан Ҳорун алайҳиссалом айбсиз экани исботланди. У Бани Исроилни бузоққа сиғинишдан қайтариш учун ўз обрўсини ўйламай, Аллоҳ розилиги учун ҳаракат қилгани маълум бўлди. 
Қиссанинг давомини ўқиш орқали бузоққа сиғинган нодон қавмнинг тақдири қандай бўлганини билиб оламиз: 
“Шубҳасиз, бузоқни ушлаб олган кимсаларга Парвардигори тарафидан ғазаб ва дунё ҳаётида хор-зорлик етар. (Аллоҳ) шаънига ёлғон тўқувчиларни мана шундай жазолаймиз”. 
Яъни, бузоқни ўзларига худо қилиб олган, залолат йўлида бардавом бўлганлар Аллоҳнинг қаттиқ азобига йўлиқажаклар. Илло ўзларини ўлдирсаларгина тавбалари қабул бўлади. 
Уларга бу ўткинчи дунёда хорлик ва ҳақорат етади. Биз Аллоҳ шаънига ёлғон тўқувчиларни, Биз белгилаб берган чегарадан ўтувчиларни, Бизга итоат этишни хоҳламаганларни мана шундай жазолаймиз! 
Шундан сўнг ҳақиқий тавба қилувчилар учун мағфират эшиклари доим очиқ экани маълум қилинади: 
“Гуноҳ ишларни қилиб, кейин уларнинг ортидан тавба қилган ва имон келтирган кишилар учун эса, албатта Парвардигорингиз ўшандан кейин ҳам мағфират қилувчи, Меҳрибондир”. 
Яъни, гуноҳ ишларни содир этиб, кейин қилмишларига пушаймон бўлган, Аллоҳга қайтган бандалар гуноҳи кечирилади. Зеро, Аллоҳ ҳар қандай гуноҳни мағфират қилувчи Меҳрибон Зотдир. 
Қисса давомида ғазаби босилган Мусо алайҳиссалом нима қилгани баёни келади: 
“Қачонки Мусонинг ғазаби босилгач, ҳалиги лавҳаларни олди – унда “Парвардигоридан қўрқадиган кишилар учун ҳидоят ва раҳмат бўлади”, деб ёзилган эди” (Аъроф, 154). 
Яъни, Ҳоруннинг айбсизлиги маълум бўлди. Қавм қилган ишидан тавба қилди. Мусо алайҳиссаломнинг ғазаби босилиб, бироз олдин ташлаб юборган лавҳаларни қўлига олди. Ўша нусхаларда Аллоҳ азза ва жалладан қўрқадиган бандалар учун тўғри йўлга бошловчи улуғ ҳидоят ва кенг раҳмат бўлиши ёзилган эди. 
Шундан сўнг Мусо алайҳиссалом ўз қавмидан 70 кишини танлаб олгани ҳақида ҳикоя қилинади: 
    “Мусо Биз белгилаган вақтимиз учун ўз қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Шу пайт уларни даҳшатли зилзила тутган эди, айтди: “Парвардигорим, агар хоҳласанг, уларни ҳам, мени ҳам илгари ҳалок қилсанг бўларди. Орамиздаги ақлсиз кимсалар қилмишлари сабабли бизларни ҳалок қиласанми? Ахир бу фақатгина Ўзинг хоҳлаган кишингни у сабабли адаштирадиган, хоҳлаган кишингни ҳидоят қиладиган бир имтиҳонинг эди-ку? Ўзинг Хожамизсан, бас, бизни мағфират қил, бизларга раҳм айла! Ўзинг мағфират қилувчиларнинг энг яхшисидирсан. Бизлар учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ёзгин. Ўзингга тавба қилдик”. (Аллоҳ) айтди: “Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказаман. Раҳматим – меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен уни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга имон келтирувчи кишиларга ёзаман” (Аъроф сураси, 155-156-оятлар). 
    Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таоло белгилаган мийқотга бориш учун қавмидан етмиш нафар кишини танлаб олди. Улар қавмнинг энг сара ва покдомон кишилари эди. Сабаби ояти каримада улар Бани Исроил қавмидан танлаб, саралаб олингани айтилмоқда. Гўё сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил қилувчи Бани Исроил қавмида мана шу етмиш кишидан бўлак салоҳиятли одам йўқ эди. 
Муҳаққиқ уламолар наздида, бу ерда зикр қилинган мийқот биринчи мийқот эмас. Сабаби биринчи мийқот Мусо алайҳиссалом йўқлигида Бани Исроил бузоққа сиғинганида бўлганди. Етмиш кишини танлаб олинган мийқот эса иккинчисидир. Бу бузоққа сиғинишдан тавба қилгандан кейин содир бўлган. Зеро, айнан ўша ишдан сўнг Аллоҳга тавба қилиш учун етмиш кишини танлаб олиш амр қилинган. 
Кўриниб турибдики, Бани Исроилдан саралаб олинган етмиш нафар киши Мусо алайҳиссаломдан ножоиз нарсани сўрашган. Шу сабаб қаттиқ зилзилага гирифтор бўлишган. Ёки Бани Исроил бузоққа сиғинганини кўра туриб, уларни ёмонликдан қайтармаганлари, яхши ишларга буюрмаганлари сабаб шундай азобга йўлиқишган. 
Қуйида қисса тафсилотларини кўриб чиқамиз. 
    “Мусо Биз белгилаган вақтимиз учун ўз қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Шу пайт уларни даҳшатли зилзила тутган эди, айтди: “Парвардигорим, агар хоҳласанг, уларни ҳам, мени ҳам илгари ҳалок қилсанг бўларди”. 
     Мийқот учун саралаб олинган кишилар зилзилага гирифтор бўлганларида, Мусо алайҳиссалом: 
– Ё Раббим, мен уларни бу ерга келмасларидан олдин ҳалок қилишингни ёки мени ҳам улар билан бирга ҳалок этишингни истардим. Акс ҳолда Бани Исроилнинг таъналарига қоламан. Улар менга: “Сен яхшиларимизни кимсасиз жойга олиб бориб ўлдириб юбориш учун танлаб олганмидинг”, деб маломат қиладилар, – деб Парвардигорига илтижо этди. 
Баъзи муфассирларга кўра, етмиш нафар қавм аъзосини зилзила тутган ва чақмоқ уриб ҳалок қилган. Кейин Аллоҳ таоло уларнинг барчасини тирилтирган. Бошқа уламоларга кўра, улар аввалига ҳушларидан кетиб, сўнг ўзларига келишган. 
     Мусо алайҳиссалом бу мурожати билан қавми содир этган жиноят учун авф сўрамоқда, гўё: 
– Эй Парвардигор, Бани Исроил кўп гуноҳ қилганида Сен марҳаматинг ила уларни кечириб юборгансан. Ҳозир ҳам уларга раҳм қил, лутфу карамингни дариғ тутма улардан! – деяётгандек. 
“Орамиздаги ақлсиз кимсалар қилмишлари сабабли бизларни ҳалок қиласанми? Ахир бу фақатгина Ўзинг хоҳлаган кишингни у сабабли адаштирадиган, хоҳлаган кишингни ҳидоят қиладиган бир имтиҳонинг эди-ку? Ўзинг Хожамизсан, бас, бизни мағфират қил, бизларга раҳм айла. Ўзинг мағфират қилувчиларнинг энг яхшисидирсан”
Яъни, Сен бизнинг барча ишимизни қоим қиласан. Шундай экан, бизлардан ўтган гуноҳларни кечир. Кенг раҳматинг-ла бизларга раҳм айла! Сен мағфирати учун бирон нарса талаб қилмайдиган карами кенг Зотсан, ё Аллоҳ! 
     Шундан сўнг бу дуоларга бошқа илтижолар уланади: “Бизлар учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ёзгин”. 
Яъни, бизларга дунёда немат, тоат, офият ва тавфиқни, охиратда мағфират, раҳмат осмонлар ва ерлардан кенг бўлган жаннатни насиб эт! 
“Ўзингга тавба қилдик”. 
Яъни, биз барча гуноҳлардан тавба қилдик, Ўзингга қайтдик! Бизларга икки дунёда яхшилик ёзгин, улуғ неъматларингдан маҳрум этма бизларни! 
(Аллоҳ) айтди: “Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказаман. Раҳматим – меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир”. 
     Яъни, шундан сўнг Аллоҳ таоло Мусонинг дуосига жавобан: 
– Эй Мусо, сен қавминг йўлиқишидан қўрқаётган азобимни Ўзим хоҳлаган осий бандалар бошига ёғдираман. Бани Исроил тавба қилди. Уларнинг устига азобим тушмайди. Зеро, ҳикматим ёмонлик қилганларни жазолаш, яхшилик қилганларни мукофотлашни тақозо этади. Менинг раҳматим барча нарсадан кенгдир. Сенинг қавминг ва бошқа бандаларим ичидан ким муносиб бўлса, ўшани раҳматимга дохил қиламан. 
     Шундай сўнг қандай зотлар Буюк Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиши айтилади: 
“Мен уни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга имон келтирувчи бўлган кишиларга ёзаман”. 
Яъни, нафсларини Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ишлардан сақлайдиган ва давлатларидан закот чиқарадиган бандаларимга раҳматимни ёзаман. 
Бу ерда тақводан кейин бевосита закот тилга олинишига сабаб, Бани Исроил мол-дунёга жуда ўч бўлганидан уларнинг закот бериши қийин эди. Молларидан маълум қисмни ажратиб, уни Аллоҳ йўлида садақа қилиш уларга оғир ботарди.


Муҳаммад Саййид Тантовийнинг “Пайғамбарлар тарихи” китобидан