"ИШИД" - Ислом душмани!

11 Iyul 2015 2525


Ўзининг қиёматгача боқий китобида “Ўзаро низо қилманг, акс ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч қувватингиз кетади” дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!



Ўз умматларига қарата “ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ҳам ихтилофли бўлиб қолмасин”, деб тайинлаган севикли Пайғамбаримизга саловату дурудлар бўлсин!



Ўз Роббилари ва ўз Пайғамбарларига лаббай, деб жавоб бериб, турли ихтилофлардан сақланиб ўтган саҳобаи киромлардан Аллоҳ таолонинг ўзи рози бўлсин!



Ўз дини эътиқодига содиқ қолиб, мусулмонларни турли ихтилофлардан қайтариб, бирдамликка чақириб ўтган уламои салафларни Аллоҳ таолонинг ўзи раҳмат қилсин!



Барчамизга маълумки, Ислом дини - ҳаёт фалсафаси. У жамият аъзоларини энг юксак инсоний фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялайди. Инсонпарварлик, халқпарварлик, адолат, ҳалоллик, бошқа динларга эҳтиром ҳамда олий жаноб ахлоқни тарғиб этади. Ислом дини кибрни қоралайди. Қабилачилик ва хурофотларга кескин қарши чиқади. Ирсий биродарлик ўрнига инсоний биродарлик жамоаси бўлмиш “умма” тушунчасининг киритилиши ҳам айнан Ислом динининг инсониятга шараф тожини кийдирганлигидан далолатдир. Зеро, юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг қуйидаги сўзлари ҳам фикримизни исботлайди:



“ …Биз ислом дини ота - боболаримиз дини эканини, у биз учун ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини доимо юксак қадрлаймиз. Халқимизнинг минг йиллик тарихини, бугунги маънавий ҳаётини, дину диёнатимизни мухтасар ифодалаб, айтиш мумкинки, Аллоҳ бизнинг қалбимизда, юрагимизда. Динга ҳурмат ва эътиқод биз учун ўлмас қадриятдир”.



Инсонни инсон қилиб турган энг муҳим асос нима? Албатта эътиқод. Чунки у шикаст топса инсоннинг онг тафаккури ва дунёқараши ҳам шикастланади. Ўзлигини йўқотади. Барчамизга маълум айнан мана шу эътиқод борасида бугунги кун ҳамиша огоҳ бўлиб яшашни талаб этмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, дунё жамоатчилигини ташвишга солаётган, мафкуравий полигонлар орқали инсонларнинг соф эътиқодларини, ядровий полигонлари орқали уларнинг ҳаётларини заҳарлаётган ақидапарастлар кимлар ўзи? Аллоҳ таолонинг Ўз каломида:



ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةَِ



“(Эй, Муҳаммад) Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг!”-деган хитобини оёқ ости қилиб, ислом динидаги муқаддас тушунчаларни ботил ақидаларига мослаштиришга уринаётганлар кимлар? Уларнинг мақсади нима? Айни дамда, мана шундай, инсонларнинг Ислом динига, унинг пок номига шубҳа ҳатто нафрат билан қарашига сабаб бўлаётган манфур шахслар фаолияти ҳамда уларнинг ботил ақидалари, бугунги кундаги таҳликали фитналарга сабаб бўлаётган экстремистик оқимларнинг махфий ва ошкора тарзда олиб бораётган фаолиятлари борасида нима дейиш мумкин?



Буларнинг орасида бугунги куннинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолган “Ироқ ва Шом Ислом давлати” (ИШИД)нинг қонли ҳаракатларини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.


Ироқ ва Шом Ислом давлати. Бугунги кунда ушбу икки мамлакатнинг каттагина ҳудудида назоратни қўлга олган “Ироқ ва Шом Ислом давлати” ноқонуний диний экстремистик ташкилоти нафақат Ироқ, Сурия ёки ён атрофидаги мамлакатлар, балки бутун дунёда тинчлиги ва барқарорлигига хавф солмоқда.



2006 - йили Ироқда ўн битта маҳаллий радикал гуруҳ бирлашишидан вужудга келган ушбу террорчи ташкилот 2013 йил Суриядаги фуқаролар урушига қўшилди. Бош қаророгоҳи Суриянинг Раққа шаҳрида, Ироқдаги маркази эса Бақуба шаҳрида жойлашган. Уларнинг ҳаракатлари Ироқ ҳудудидаги чет эл ҳарбий кучларини, Ироқ ҳарбийларини, фуқаролар ва бино иншоотларини йўқ қилишга қаратилган. Ташкилот Сурия, Ироқ ва Ливанда Ислом давлати қуришни режалаштирган.



Ташкилот аъзолари ўз йўлбошчилари Абу Бакр Бағдодийни “халифа” деб эълон қилгач, жиноий бирлашма “Ислом давлати” деб атала бошлади. Улар сохта салафийлик ғояларини шиор қилиб олганлар. “Биз Ислом учун жанг қиляпмиз”, “биз жиҳодчилармиз” дея даъво қилаётган бу жангарилар БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2014 йилнинг дастлабки ярмида етти юзга яқин боланинг, минглаб асирлар ва тинч аҳоли вакилларининг ҳаётига зомин бўлганлар. Ислом динида исрофдан айнан ўлимдаги исрофдан қайтарилган. Бир инсонни жонига қасд қилган шахс унинг хунини тўлаши ёхуд у каби жазоланиши шарт. Наҳотки бу “замонавий” жиҳодчилар ўзлари “кофир” дея ҳукм чиқарган шахслар билан бир қаторда бегуноҳ гўдакларни, қанча-қанча наслларни қириб юбораётганини тушуниб етмайдилар?!



Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломида:



وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا



Кимда - ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай “(Нисо 93), - дея огоҳликка чақиради.


Ва яна муборак каломида:



وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا



Ўзларингизни (бир - бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм -шафқатлидир. (Нисо 29) – дея марҳамат қилади.



Аллоҳ харом қилиб қўйган нарсани ўзларига ҳалол қилиб олиб нафақат ўзларини балки минглаб бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётган бу жоҳиллар қайси виждон билан яшамоқдалар?!



Зеро ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қон тўғрисида бўлур” (Бх.) - дейилган. Айни вақтда, БМТ, Европа иттифоқи, Араб давлатлари лигаси каби халқаро ташкилотлар, АҚШ, Австралия, Саудия Арабистони, Буюк Британия, Индонезия каби давлатлар ИШИДни қўпорувчи ташкилот деб эълон қилиб, уларнинг Ислом динига мутлақо алоқаси йўқлигини такрор - такрор таъкидламоқдалар.



Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда ўзларининг таҳдидли ғоялари билан мафкура майдонини қуршаб олаётган бундай мутаасиб ташкилотлар оз эмас. Ваҳоланки тинчликка раҳна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, фитна қўзғатиш Ислом динига мутлақо ёт ҳолатлар ҳисобланади. Бунинг исботи ўлароқ яна мўтабар манбага мурожаат этамиз:



وَلَا تَكُونُوا كَالَّذِينَ تَفَرَّقُوا وَاخْتَلَفُوا مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَهُمُ الْبَيِّنَاتُ وَأُولَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ



Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир. (Оли Имрон 105) ва яна Мумтаҳана сурасида:



لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ


تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِم



Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас, - дейилади. Чиндан ҳам Ислом дини ҳақиқий енгиллик ва бағрикенглик дини ҳисобланади. У инсон у ёқда турсин, ҳайвонларнинг ҳақларини ҳам ҳимоя қилади. Уларни бесабаб азоблаш ва тоқатидан ташқари ишлар қилдиришдан қайтаради. Шундай экан биз атрофимизда юз бераётган турли хил қотилликлар ва хавф – хатарларнинг олдини олиш учун ҳар қадамда огоҳ бўлиб яшамоғимиз, динимизни ўрганишда ўтган солиҳ авлодлар изидан бормоғимиз зарур. Зеро ҳақиқий мўмин киши ғоят соф ва жозибали бир кўзгу каби бўлиши керакки, унга қараган бошқа мўминлар ўз айбу қусурларини кўриб, ўзларини тузатсинлар.



Шу ўринда айтиб ўтмоқчиманки, биз - бугунги кун ёшлари Юртбошимиз таъкидлаганларидек “ҳеч қачон (жозибали ғоялар билан ўралган) диний даъватлар ҳокимият учун курашга, сиёсат, иқтисодиёт ва қонуншуносликка байроқ бўлишига йўл қўймаймиз”.


                                            Маликова Муаттар
                                            Хадичаи Кубро аёл - қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси