ИККИ НАРСА БОРКИ, КЎПЧИЛИК БУЛАР БОРАСИДА ЗИЁНДА

18 Yan 2018 2929

Одам ҳаёти давомида ҳар-хил зарар кўриши мумкин. Кимдир савдода, кимдир деҳқончиликда, яна кимдир бошқада. Шуларнинг ичида  ҳаётда  кўп учрайдиган ва кўпчиликнинг  катта катта зарар кўришига сабаб бўладиган икки нарса бор. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида бу иккаласини баён қилиб берганлар.

 

Имом Бухорий, Термизий, Ибн Можа (раҳматуллоҳи алайҳим)лар ривоят қиладилар:

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نِعْمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، الصِّحَّةُ وَالْفَرَاغُ».

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки неъмат борки, кўп одам улар борасида зарар кўради: соғлиқ ва бўш вақт», дедилар».

 

Шарҳ:

 

Ҳадиси шарифдаги биз “зарар кўради” деб таржима қилган жумламиз ҳадиси шарифда “мағбунун” шаклида бўлиб, ўзаги “ғобнун”дир. Араб тилида “ғобнун” дегани, савдода бир нарсани бир неча баробар қимматига сотиб олиб зарар қилиш, ёки ўз нархидан бир неча баробар арзон сотиб зарар кўриш маъноларини англатади. Ким-да ким соғлом, ва бемалол бўла туриб охиратини обод қилишга уринмаса, у ҳам савдода зарар кўрган киши каби зарар кўради.

 

Кўпчилик соғлик ва қўли бўшлик неъматини суистеъмол қилиб, натижада дунё ва охират азобига дучор бўладилар. Ундан тўғри фойдаланганларида эди, мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Имом ибн ал-Жавзий ушбу ҳадис шарҳида шундай деганлар:

 

“Гоҳида инсон соғлом бўлса, тирикчилик ила банд бўлади. Гоҳо қўли бўш бўлади аммо, соғлиги жойида бўлмайди. Баъзида, қўлиям бўш, соғлигиям жойида бўлади-ю, лекин бу имкониятларини қадрига етмай, ибодатга бепарво бўлиб қолиб, натижада бу одам ҳам савдода зарар кўрган киши каби имкониятни қўлдан бой беради.   

 

Ёмон эътиқод:

 

Орамизда баъзи кимсалар бу дунёга шунчаки келганмиз, деб ўйлашади. Мен шуларга битта савол бермоқчи эдим.

 

Орамиздаги энг доно ва ақилли бир одам бир лойиҳага қўл урса ва ушбу ишидан кўзлаган бирорта мақсади бўлмаса, ундай одамни доно ақилли, деб бўладими? Доно ва ақилли одам мақсадсиз лойиҳага қўл урмайди ҳам.

 

Энди бир оддий ва ожиз бандаси мақсадсиз ва ҳеч қанақа маъноси йўқ ишга қўл урмас экан, оламлар Робби Аллоҳ ҳам бизларни яратиб, бу дунёда яшаш учун умр бериб, кетидан ҳеч нарсани мақсад қилмаган, бу дунёга шунчаки келдик, мазза қилиб яшаб олиш керак, дейиш аҳмоқона фикр эмасми?

 

Аллоҳ мана шундай аҳмоқона фикрлайдиган кимсаларга раддия бериб шундай дейди:

 

أَفَحَسِبْتُمْ أَنَّمَا خَلَقْنَاكُمْ عَبَثًا وَأَنَّكُمْ إِلَيْنَا لَا تُرْجَعُونَ [المؤمنون : 115]

 

«Наҳотки, сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!».

 

Ҳа, азизлар! Бу дунёга беҳудага, шунчаки келмаганмиз. Бу дунё ва бу ҳаётни Мулк сурасида айтилганидек имтиҳон учун яратди:

 

خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا  [الملك : 2]

 

«Қайсиларингиз яхши амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратди».

 

Шундай экан, ҳар биримиз ҳали вақт бор-ку, деб ўзимизни алдамасдан, фурсат борида хайрли ва савоб амалларни қилиб олйлик!

 

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли