Биз "ИШИД" га қаршимиз!

11 Iyul 2015 2131

 "Бугунки кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудуларида авж олаётган қарама-қаршилик, жумладан, Яқин Шарқда, Ироқ ва Сурия мамлакатларида бўлаётган қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган ўзаро низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш хавотирга солмасдан қўймайди.

               

Диний қадрятларнинг, эзгуликнинг, инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, бузғунчи оқимларни жиловлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёдкорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб  яшаётган олижаноб халқимизнинг тинч ҳаётини ҳар қандай бало қазолардан асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш – бугунги кундаги энг долзарб вазифамиз бўлиши керак”.

 

                                                                                                                Ислом Каримов

 

 Ҳозирги кунда бутун жаҳонни таҳликага солаётган Ироқ Шом ислом давлати (ИШИД) номи остида вужудга келган террорчи ташкилот ўз вахшиёна ишларини тинимсиз амалга оширмоқда. Улар: “Биз мусулмон давлатини барпо этамиз (яъни халифалик қурамиз) ” деган шиор остида ҳаракат олиб бормоқдалар. Аммо, мусулмон уламолари уларнинг ишлари-ю, ниятлари мутлақо ислом динига зид эканини таъкидламоқдалар. Шунга қарамай, айрим жоҳил кимсалардан ИШИДни қўллаётган ва унга эргашаётган инсонларнинг сони кундан – кунга ортиб бормоқда.

               

Хўш, уларнинг нияти нима…? Ўз шиори остида ҳокимиятга эришишни мақсад қилган “Ироқ Шом ислом давлати” ташкилоти “халифалик” иддаоси билан зўравонлик ва зулм ўтказиш каби малъун ишларни қилмоқдалар. Лекин, уларнинг ишларини рад қилувчи Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони Каримда ҳам очиқ ойдин оятлар мавжуд:

 

“…Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас…” 

(Қасос сураси, 77).

 

“…Аллоҳнинг ризқидан еб- ичингиз, ерда бузғунчилик қилмангиз!...” (Бақара сураси, 60)

    

Бундан ташқари улар “халифалик” ни даъво қилишяпти дедик, Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз ҳадиси шарифларида : “Халифалик мендан кейин ўттиз йил, сўнгра подшоҳлик ва амирликлар бўлади”, деганлар. (Ибн Ҳиббон ривояти)

    

Саудия Арабистон бош муфтийси Шайх Абдул Азиз Оли Шайх: “Ироқ ва Шомдаги “ислом давлати” номини ниқоб қилган бузғунчилар ислом дининг душманидир. Чунки улардан кўп инсонлар жабр чекмоқда. Бу эса энг оғир гуноҳдир”, деб таъкидладилар.

   

Демак бу далиллардан кўриниб турибдики, уларнинг ишлари мутлақо ислом динига зид  ҳисобланади. Мана шундай қарши далилларга қарамай, ИШИД бу ишларни тўхтатгани йўқ, балки, бунданда аянчли ҳолатларни юзага келтирмоқда.

  

Улар яна мусулмонларни кофирга чиқариб “кофир” ва дунёнинг барча мамлакатлари ҳатто Макка ва Мадинани ҳам куфр диёри деб, барча инсонларга  балки, ҳақиқий ислом давлатларига ҳам бўҳтонлар қилиш орқали уларни урушга тарғиб қилмоқдалар. Бу эса, ақлга сиғдириб бўлмас жоҳилликдир.

   

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: “Ким ҳаммани ёмон деса ўзи ёмондир” деган сўзлари ва Жалолиддин Суютийнинг: “Мусулмонни кофирликда айблаган одам, уни ўлдирган билан баробардир” деган сўзларидан уларнинг қандай илмсизлик ила айтаётган сўзларини тушуниб олишимиз мумкин.

  

Уларнинг домига илинаётган ёки ўз хоҳиши билан уларга қўшилаётган инсонлар ҳеч ўйлаб кўрмайдиларми, нима қилаётгани ёки кимларга қўшилаётганларини…? Улар ўзларини “шаҳидлик” мақомига етиштириш учун ўзини - ўзи портлатиш орқали қанча бегуноҳ инсонлар ҳаётига зомин бўлмоқдалар. Қанчадан қанча инсонлар фарзандсиз ва ёш гўдакалар эса, ота- онасиз қолмоқдалар. Бу эса уларни қизиқтирмайди ҳам…

    

Минг афсуски, ҳозирги кунда уларнинг орасида юртимиз ёшларининг бўлишидир. Улар билан  тенгма тенг энг разил ишларини амалга  ошираётгани ўта  ачинарли ҳол.

   

Аллоҳга беадад ҳамд-у санолар бўлсинки, бизнинг юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Биз юртимизни ҳимоя қилишимиз ва уларнинг бузғунчи ғоялари юртдошларимизни чалғитмаслиги учун бир уларга қарши доимо огоҳ туришимиз керак.

 

 

                                                                   Моҳира АЛИШЕРЖОНОВА

                                                                   Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юртининг

                                                                  2 - курс толибаси