Бани Исроилнинг Мусо алайҳиссаломга одобсизлик қилиши

27 Okt 2015 2878

    Қуръони каримни ўқиб, унинг маъноларини тадаббур қилган киши турли ўринларда Бани Исроил қавмининг ўжарлиги, бир гапдан қолмаслиги ва Аллоҳ таоло тарафидан юборилган пайғамбарга нисбатан одобсизларча муносабатда бўлишини кўради.
     Қуръони каримнинг Бақара сурасида шу хусусда ибратли қисса келтирилган. Аллоҳ таоло шундай деган: “Эсланг, Мусо ўз қавмига: “Албатта Аллоҳ сизларга бир сигир сўйишингизни буюради”, деганида, улар: “Устимиздан куляпсанми?” дедилар. (Мусо) деди: “Ундай жоҳиллардан бўлиб қолишдан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман”. Улар дедилар: “Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг қандайлигини баён қилсин”. (Мусо) деди: “У Зотнинг айтишича, у қари ҳам, ёш-ғўнажин ҳам бўлмаган ўрта бир сигирдир. Энди ўзларингизга буюрилган ишни адо этинглар”. Улар дедилар: “Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг рангини баён қилсин”. (Мусо) айтди: “У Зотнинг айтишича, у очиқ-малларанг сигир бўлиб, кўрганларнинг кўнгли чоғ бўлади”. Улар айтдилар: “Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг қандайлигини баён қилсин, бу мол бизга шубҳали бўлиб қолди. Иншааллоҳ, энди йўлимизни топиб оламиз”. (Мусо) айтди: “У Зотнинг айтишича, у шундай сигирки, хор бўлиб ер ҳайдамайди, у билан экин суғорилмайдилар, айбу нуқсонсиз, унда ўз рангидан бошқа ранг-бўёқ йўқ”. Улар: “Энди ҳақиқатни айтдинг”, дедилар-да, узоқ машаққат чекиб сўйдилар. Эсланг, (эй, Бани Исроил,) бир жонни ўлдириб қўйиб, унинг (қотили) ҳақида жанжаллашиб қолдингиз. Ҳолбуки, Аллоҳ яширган нарсаларингизни (юзага) чиқарувчидир. “Уни сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан уринглар”, дедик. Аллоҳ ўликларни шу тариқа тирилтиради ва сизларга ақлларингизни ишлатишингиз учун ўз оятларини кўрсатади. Сўнгра кейин ҳам дилларингиз қотди. Бас, у тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарё отилиб чиқади, яна шундайлари борки, ёрилиб ичидан сув чиқади. Яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулайди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмас” (Бақара сураси, 67-74-оятлар).
     Муфассирлар зикр қилишича, Бани Исроил қавмида бир бой одам бор эди. Унинг амакисининг ўғли камбағал бўлиб, ўша бойнинг ундан бўлак меросхўри йўқ эди. Бой одамнинг ўлими “чўзилиб” кетгач, амакиваччаси сабр қилмай уни ўлдириб, жасадини бошқа қишлоққа олиб бориб ташлайди. Тонг отганда ўзини ҳеч нарса билмагандек кўрсатиб, қариндоши қасосини олишни талаб қилади ва бир гуруҳ одамларни Мусо алайҳиссалом ҳузурига олиб боради. Шунда улар Мусо алайҳиссаломдан Аллоҳга дуо қилиб ҳақиқий қотил ким эканини маълум қилишини сўрашади. Мусо алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилади ва Аллоҳ ваҳий қилиб, уларга бир сигир сўйишни буюради. Бас, Мусо алайҳиссалом уларга: “Албатта Аллоҳ сизларга бир сигир сўйишингизни буюради”, деганида, улар: “Устимиздан куляпсанми?” дедилар”.
     Бани Исроил қавмида жиноят содир этилганида улар қотил кимлиги борасида ихтилофга тушдилар. Бу борада Мусо алайҳиссаломга мурожаат этиб, Аллоҳга дуо қилишини ва ҳақиқий қотил кимлигини билдиришин сўрашди. Шунда Аллоҳ уларга сигир сўйишни буюрди. Аммо Бани Исроил бу гапдан ҳайрон бўлиб, тап тортмасдан:

 

– Устимиздан куляпсанми, эй Мусо? – дейишди.

 

   Жумҳур уламоларга кўра, сигир сўйиш ҳақидаги амр қотил ким экани хусусида мунозара қилинганидан кейин бўлган. Бу Бақара сурасининг 72-оятида, яъни қисса сўнггида зикр қилинган. Аллоҳ таоло Бани Исроилга айнан сигир сўйишни амр қилди. Сабаби улар унинг жинсидан бўлган бузоққа сиғинишарди. Бу билан улар улуғлаб, ибодат қиладиган бу ҳайвон арзимас нарса, ҳурматлашга, эъзозлашга ярамаслигини билдириш мақсад қилинган бўлса ажаб эмас. Зеро, бу билан “Бу бузоқ ибодат қилиниш учун эмас, балки деҳқончилик ва шу каби ишларда хизмат қилиш, сўйилиши учун яратилган”, дейилаётгандек.
    Бани Исроилнинг “Устимиздан куляпсанми?” деган гаплари уларнинг аҳмоқ, нодон, пайғамбарлари ҳақида ёмон гумонда бўлганлари, уни ҳурмат қилмаганлари, Аллоҳнинг улуғлигини тан олмаганларини кўрсатади. Аслида улар ўзларига буюрилган ишдан бўйин товламай амалга оширишлари керак эди. Агар ақлларини бироз ишлатганларида пайғамбардек улуғ зотнинг сўзини икки қилмасдилар. Лекин қаёқда, дейсиз. Улар ақл юритишдан маҳрум эдилар.
     Мусо алайҳиссалом уларга Аллоҳ буйруғини етказганида қавм бундан шубҳаланди, Мусони истеҳзо қилишда айблади. Шунда Мусо алайҳиссалом:

 

– Ундай жоҳиллардан бўлиб қолишдан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман, деди.

 

     Яъни, мен сизларга Аллоҳ тарафидан деб ёлғон ва ботил нарсаларни етказадиган нодон кимсалардан бўлиб қолишдан паноҳ сўрайман! Бу жавобда ҳазил-мазахдан поклик маълум қилинмоқда. Зеро, бундай бекорчи ва ҳавойи ишлар, жиддий масалада мутойиба қилиш ақлли кишиларга, айниқса пайғамбарларга тўғри келмайди.
    Мусо алайҳиссаломнинг мана шу жавоби Бани Исроилга етарли бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига юришлари ва исталган бир сигирни топиб сўйишлари лозим эди. Аммо уларнинг тескари табиати яна савол беришга ундади: Улар дедилар: “Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг қандайлигини баён қилсин”.
      Мусо алайҳиссалом жавобидан қониқмаган нодон қавм пайғамбарга одобсизларча муомала қилди:

 

– Эй Мусо, Парвардигорингга дуо қил, ўша сигирнинг ҳолати ва сифатларини бизга тўлиқ баён қилиб берсин!

 

    Бу қабилда савол ташланишига сабаб, улар ўз қўллари билан сўйган сигирнинг баъзи аъзоси ўлдирилган одамга жон ато қилиб, уни ҳаётга қайтишига сабаб бўлишига шубҳа билан қараган эдилар. Яна улар бундай сигир бошқаларидан кўра ўзгача кўриниш ва белгига эга бўлиши керак, деб ўйлардилар.
    Бани Исроилнинг “Парвардигорингга” деган сўзларида ҳам ўта одобсизликлари намоён бўлмоқда. Гўё Аллоҳ таоло фақат Мусо алайҳиссалом Парвардигори, уларники эмасдек! Гўё бу иш фақат Мусо ва Аллоҳга кераг-у, улар учун бу аҳамиятсиздек!  Мусо алайҳиссалом уларга жавобан шундай деди:

 

– У Зотнинг айтишича, у қари ҳам, ёш-ғўнажин ҳам бўлмаган ўрта бир сигирдир. Энди ўзларингизга буюрилган ишни адо этинглар.
Аллоҳ таоло сигирнинг сифати ҳақида хабар қилганидан кейин, Мусо алайҳиссалом қавмига юзланиб:

 

– Сизларга сўйиш буюрилган сигир қари ҳам, ёш ҳам эмас, шунинг ўртасидадир. Бас, савол беришни бас қилиб, буюрилган ишни бажаринглар. Ҳақиқий қотил кимлигини енгил йўл билан аниқланглар! Аллоҳ сизларга кенглик яратган экан, кўп савол бериш билан йўқ жойдан ўзларингизга қийинчилик туғдириб олманглар. Зеро, савол беришда ҳаддингиздан ошиш сизларга фақат зиён келтиради! – деди.
      Бани Исроил қавми сўйилиши лозим бўлган сигирнинг ёшини билиб олдилар. Энди уларга унинг ранги қандайлиги қизиқ туюлмоқда. Шуни билиш учун яна Мусо алайҳиссаломга юзландилар: Улар дедилар: “Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг рангини баён қилсин”. (Мусо) айтди: “У Зотнинг айтишича, у очиқ-малларанг сигир бўлиб, кўрганларнинг кўнгли чоғ бўлади. Яъни, топиш осон бўлиши учун ўша сигирнинг ранги қандайлигини бизларга баён қилиши учун Парвардигорингга дуо қил, – дедилар улар. Бунга жавобан Мусо алайҳиссалом:

 

– Аллоҳ ўша сигир сариқ рангли, кўрган одам чиройидан ҳайратланадиган ва қалбида хурсандчилик пайдо бўладиган бир сигир бўлсин! – деди.

 

   Бани Исроил сўйиладиган сигирнинг ёшини ҳам, рангини ҳам билиб олдилар. Шунинг ўзи уларга етарли бўлармикан? Йўқ! Улар савол бериш ўрни эмаслигини билиб турсалар-да, яна нималарнидир билиб олиш илинжида эдилар: Улар айтдилар: “Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг қандайлигини баён қилсин, бу мол бизга шубҳали бўлиб қолди. Иншааллоҳ, энди йўлимизни топиб оламиз”. (Мусо) айтди: “У Зотнинг айтишича, у шундай сигирки, хор бўлиб ер ҳайдамайди, у билан экин суғорилмайдилар, айбу нуқсонсиз, унда ўз рангидан бошқа ранг-бўёқ йўқ”. Улар: “Энди ҳақиқатни айтдинг”, дедилар-да, узоқ машаққат чекиб сўйдилар”. Яъни, бизга ўша сигирнинг бошқа сифатларини ҳам тўлиқ айтсин. Сен васф қилган сигирлар кўп. Уларнинг қай бирини сўйишни билмай қолдик. Зора мана шу сафар тўғри йўлни топиб, буюрилган ишни бажарсак!
     Мусо алайҳиссалом бунга жавобан:

 

– У шундай сигирки, бемалол ўтлаб юрган, оғир иш қилмаган, сув ташимаган, ҳар қандай нуқсондан холи, унда сариқ рангдан бошқа ранг йўқдир, – деди.
Мусо алайҳиссалом таърифини “мукаммал” деб топган жоҳил қавм:

 

– Ана энди тўғри айтдинг. Ҳаммаси тушунарли. Биз учун мавҳум нарса қолмади, – дедилар ва сигирни қидиришга тушдилар. Уни аранг топиб сўйдилар. Сал қолса сўёлмай қолишлари ҳеч гап эмасди.

 

    Шундан сўнг Аллоҳ таоло Бани Исроилни нима сабабдан сигир сўйишга буюргани баён қилинади: “Эсланг, (эй Бани Исроил,) бир жонни ўлдириб қўйиб, унинг (қотили) ҳақида жанжаллашиб қолдингиз. Ҳолбуки, Аллоҳ яширган нарсаларингизни (юзага) чиқарувчидир. “Уни сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан уринглар”, дедик. Аллоҳ ўликларни шу тариқа тирилтиради ва сизларга ақлларингизни ишлатишингиз учун ўз оятларини кўрсатади”. Яъни, эй Бани Исроил, бир одамни ўлдириб қўйиб, у ҳақида мунозара қилганингизни, ҳар ким ўзини оппоқ қилиб кўрсатганини эсланг! Аллоҳ сиз беркитаётган нарсани ошкор қилади.
    Аллоҳ бу ишни амалга оширди, пайғамбари Мусо алайҳиссалом тилидан: “Ўликни сигирнинг баъзи аъзоси билан уринглар!” деди. Бас, улар маййитни урган эдилар, Аллоҳнинг изни билан тирилиб, қотили кимлигини айтиб берди.
    Сизлар ўлдирган мана шу маййитни Аллоҳ қандай тирилтирган бўлса, қиёмат куни ҳисоб-китоб қилиш учун ўликларни худди шундай тирилтиради. У Зот сизлар ақлларингизни ишлатарсизлар, деб Ўзининг ҳар нарсага қодирлигига далолат қилувчи мўъжизаларини кўрсатади.
    Шундан сўнг қалбларга кучли таъсир қилувчи бу мўъжизани кўрган, ўлик одам Аллоҳ амри билан тирилганига шоҳид бўлган Бани Исроил қавми аъзолари бу воқеа олдида киприк қоқмай турганлари, таъсирланмаганлари баён қилинади: “Сўнгра кейин ҳам дилларингиз қотди. Бас, у тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарё отилиб чиқади, яна шундайлари борки, ёрилиб ичидан сув чиқади. Яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулайди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмас”. Яъни, эй Бани Исроил, кўз ўнгингизда ўликнинг тирилганини кўрганингиздан кейин қалбларингиз тошдек қотиб қолди. Ҳақиқатан, дилларингиз тошдек қаттиқдир. Балки тошдан ҳам қаттиқроқдир. Зеро, тошда тешик ва ёриқлар бўлиши, ундан сув чиқиши мумкин. Ҳа, қаттиқ тошлардан булоқ ва анҳорлар отилиб чиқади. Аммо сизларнинг қалбларингиз биронта ҳам мавъиза ва мўъжиза сабабидан юмшамайди, қотиб тураверади, яхшилик томон рағбат қилмайди. Ҳолбуки, Аллоҳ сизлар қилаётган ҳар бир амални билиб кузатиб туради.
      Мана шу оятларда Бани Исроил қавмининг асл қиёфаси очиб берилмоқда. Уларга бағритошлик, сўқирлик, насиҳатни хушламаслик иллати хос экани маълум қилинмоқда. Юқорида келтирилган қиссадан жуда кўп манфаат олиш мумкин. Жумладан:

 

1. Бани Исроил қавмининг пайғамбарлари билан одоб чегарасидан чиққан ҳолда муомала қилишлари, қалблари тошдек қаттиқ, қўпол кимсалар экани, савол беришда ўжарлик қилишлари, пайғамбрлари буюрган ишни бажаришни пайсалга солишлари, бир сўз билан айтганда, табиатлари қинғир, тўғри йўлдан юришни хушламасликлари.

 

2. Ушбу оятлар ила баён қилинган қисса Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг пайғамбарлари эканига далолат қилади.

 

3. Динда чуқур кетиш, кўп савол бериш илоҳий ҳукмларнинг оғирлашишига сабаб бўлади. Зеро, Бани Исроилга илк бор сигир сўйиш буюрилганидаёқ ўша ишни бажарганларида, ҳар қандай сигирни сўйишлари етарли бўларди. Аммо улар қайта-қайта савол беравериб, ўзларига қийин қилиб қўйишди, Аллоҳ уларга қийин қилишни лозим кўрди.

 

   Ибн Жарир Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Агар қавм энг оддий сигирни сўйганларида, кифоя қиларди. Бироқ улар савол беришда чуқур кетишда ва Аллоҳ уларга қийин қилиб қўйди”.
   Маълумки, Ислом шариатида кўп савол беришдан қайтарилган. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй мўминлар, (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган,) очилганда сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар! Қуръон нозил бўлаётганида у ҳақида сўрасангиз, сизларга очиб берилади (яъни, зиммангизга юкланади). Ҳолбуки, Аллоҳ у нарсаларни кечиб юборган эди. Аллоҳ Мағфиратли, Ҳалимдир. У нарсалар ҳақида сизлардан олдинги қавм сўраган эди. Сўнгра эса у нарсаларни инкор қилувчиларга айландилар” (Моида сураси, 101-102-оятлар). Ҳадиси шарифда: “Мен сизларни тарк қилган (масала)да мени (тинч) қўйинглар! Зеро, сизлардан олдингилар кўп савол бериш ва пайғамбарларига хилоф қилишлари сабаб ҳалок бўлганлар. Мен сизларни бирон ишга буюрсам, уни бажаринглар. Агар бирон ишдан қайтарсам, имконингиз етганича ундан қайтинглар”, дейилган.

 

4. Аллоҳ таолонинг қудрати чексиз экани. Зеро, сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан маййитни уриш сабабидан ўлган одамнинг тирилиш мўъжизадир. Бу Аллоҳ мутлоқ қудрат Соҳиби эканидан дарак беради. Лекин сўқир қалб соҳиблари шундай мўъжизалардан ҳам таъсирланмай жаҳолат зулмати ичра шўнғишда давом этадилар.

 

Муҳаммад Саййид Тантовийнинг “Пайғамбарлар тарихи” китобидан