Бадандаги ёғни камайтириш учун 7 тавсия

19 Dek 2015 5230

      Агар танангиздан бир неча кило ортиқча вазнни камайтиришни хоҳласангиз, қуйидаги тавсияларга риоя қилинг:

 

1. Ёғсиз сут ичишга одатланинг. Ушбу сутнинг мазаси унчалик яхши бўлмаса ҳам, соғлиғингиз учун фойдалидир. Қаҳва билан сут ичувчиларга ҳам ёғсиз сутдан фойдаланиш тавсия этилади.

 

2. Ёғи кам бўлган пишлоқ тановул қилинг. Пишлоқ эрталабки нонушта учун муносибдир. Баъзилар тушлик вақтида ҳам пишлоқдан фойдаланишади. Бироқ айрим пишлоқлар таркибида 20-30 фоизгача ёғ мавжуд. Бу каби пишлоқлардан парҳез қилиш лозим.

 

3. Фойдали ёғларни истеъмол қилинг. Масалан, зайтун ёғи. Зайтун ёғини эрталаб наҳорда бир қошиқ ёки салатлар билан истеъмол қилиш тавсия этилади.

 

4. Майонез ва кетчуплардан кам фойдаланинг. Сиз мазали бир салат тайёрлайсиз. Аммо унга майонез ёки кетчуп аралаштирсангиз, соғлом салатингиздан нишон ҳам қолмайди. Шу сабабдан салатларни табиий ҳолатида истеъмол қилиш фойдадан холи бўлмайди. 

 

5. Сабзавот ва кўкатларни ёғда қовуришга одат қилган бўлсангиз, ушбу ошпазлик услубини ўзгартиринг. Таомларни қайнатиш ёки димлама қилиб пишириш мақсадга мувофиқ. Қовуриб тайёрланадиган таомлардан кам фойдаланинг.

 

6. Ширинликларни истеъмол қилишда эҳтиёт бўлинг. Зеро, турли торт, печенье ва бошқа ширин кулчалар таркибида қанд ва ёғ маҳсулотлари кўп учрайди. Бу маҳсулотлар организмда кўпроқ йиғилиб қолса, саломатликка путур етказади.

 

7. Ҳар ҳафтада балиқдан тайёрланган таомдан икки маротаба истеъмол қилинг. Балиқ таркибида мавжуд фойдали ёғ бошқа гўштлар ёғидан фарқ қилади.

 

“Саломатлик тақвими”да эълон қилинган материаллар асосида тайёрланди