Аллоҳнинг гўзал исмларини ўрганамиз-2

15 Fev 2017 3029

 

Ал-Вожид – Истаган нарсасини, истаган вақтида топувчи. Бу ишда Унга ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди. Унинг қудрати етмаган бирор нарса йўқ. Ҳамма нарса Унга тегишли. Хоҳлаган нарсасини хоҳлаган пайтда бажаради, ҳеч бир нарса Ундан яширинолмайди.

 

 

Ал-Можид – Қадри улуғ, шони юксак, эҳсон ва ҳиммати мўл Зот. Энг буюк шараф ва иззат Унга хосдир. Бандаларига кўрсатадиган инъому эҳсонини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Мўминларни имон ва солиҳ амалларга муваффақ айлайди, кейин қилган яхши ишларини зикр қилиб, мадҳ этади. Уларни дунё саодатига ва охират саломатига эриштиради.

 

 

Ал-Воҳид – Якка. Битта. Бўлинмас. У зотида, сифатларида, исмларида ва ҳукмларида асло тенги ва ўхшаши топилмайдиган, ягона Аллоҳдир. Раббимиз ҳамма жиҳатдан танҳо, ҳеч бир борлиққа ўхшамайди, бирор борлиқ ҳам Унга тенг келмайди. Борлигининг бошланиши бўлмаганидек, ниҳояси ҳам йўқ. Яккалигининг далиллари яратиқларида яққол кўринади.