Абу Ҳанифа ҳақида нималар биламиз?

5 Noy 2015 3739

    Имоми Аъзам ўрта бўй, келишган, катта бошли, кенг пешонали, буғдойранг, доимо очиқ чеҳрали, бир тутам соқолли, мулойим боқишли, нурли зот эдилар. Ўзлари юксак заковат, илм соҳиби бўлишлари билан бирга ғоят камтарин, софдил эдилар. Гўзал ахлоқлари ҳар кимни мафтун этарди, сўзлари жуда жозибадор эди. Одамларга меҳр-муҳаббат, матонат бахш этувчи оҳангдор сўзли эдилар. Камгап зот эдилар, узоқ ўй сурар, сукутларида буюк бир виқор, каломларида буюк ҳикмат бор эди. Ҳар кимга юмшоқ муомалада бўлиб, доимо тоза либос кияр, хушбўйликлар сурардилар. Бошга катта оқ салла ўраб, енглари кенг, узун тўн киярдилар. Халқнинг савиясига қараб муомала этувчи бир инсон бўлганлар. Эзмаликни хуш кўрмас, доимо ҳаммани, ҳатто душманларини ҳам хайрли дуо қилардилар. Қуръонга ошуфта эдилар, кечаю кундуз мутолаада эдилар. Тунлар бедор меҳробда ўтириб, намоз ўқир, силкиниб-силкиниб йиғлардилар.
    Имоми Аъзам кечалари ва кундузлари қайлула вақтида бироз мизғиб олардилар, бошқа вақтларини тоат-ибодат ва дарсга бағишлардилар. У зот етти ёшда ҳофизи Қуръон бўлдилар, етмиш ёшларига қадар Қуръон ўқишдан тўймадилар. Покликни жуда севар, ҳар бир ишни тоза ҳолатда бошлаб, уни соф тугаллашни қадрлардилар. Доимо соч-соқолларига хушбўйлар сурар ва сепардилар. Энг яхши либос кийиб, масжидга борардилар.
   Имом Аъзам илмни ғоят севар, ўзига хос тилда дарс бошлаганларида атрофларида улкан ҳалқа пайдо бўларди. У зот сўз бошлаганларида, ҳар ким сукут қилар ва камоли одоб билан тингларди. Шуҳратлари шу қадар ёйилгандики, ҳузурларига шарқу ғарбдан ҳар хил одамлар оқиб келишарди. Имом Аъзам барча мусулмонларни ва уларга хайрихоҳ бўлганларни ҳурмат қилардилар. Шогирди Абу Юсуф устозининг теран илмига мафтун ва ҳавасманд эдилар. Бир куни у зотга: “Устоз, бу гўзал ахлоқ ва улкан илмга қандай эришдингиз?” деб сўраганларида, Имом Аъзам табассум билан: “Фарзандим, кичикни кичик, каттани катта демадим, яхши-ёмон ҳар кимни тингладим, сабр этдим, яхшиликлардан ўзимга ибрат олдим, илмим ортгани сайин Аллоҳ таолога шукр қилдим, Аллоҳ менинг илмимни зиёда қилди”, дедилар.
    Имом Аъзам вафодор, жўмард ва содиқ зот эдилар. Бу ахлоқларидан воқиф бўлганлар ундан айрилолмас, тобора у зотга яқин бўлишга ҳаракат қилардилар. У зот қўлларига тушган пулни, айниқса, илм йўлидаги толибларга улашар, уларга хизмат қилардилар. Илмга ошиқ зот эдилар. У зот доимо одамларни илмга ташвиқ этардилар. Бир кун у зотдан: “Эй устоз, бу қадар қиммат либослар кийиб, тантанали вазиятда кўчада юришингизнинг ҳикмати нима?” деб сўрашди.
    У зот марҳамат этиб: “Мени кўрганлар илмга майл этсинлар дея шундай зийнатландим, йўқса, булар менга бир юк”, деб жавоб бердилар. Бу йўл билан ҳам улуғ Имом инсонларни илмга чорлашни ўйлаганлар. Ўзларига бир либос тиктирадиган бўлсалар, худди шундайини фақир илм соҳибларига ҳам тиктирардилар.
    Абу Ҳанифа ҳассос қалбли эдилар. Зиёратига келганларни очиқ юз билан қаршилар, ҳол-аҳволларини сўрар, истак ва эҳтиёжларига жавоб беришни, қаноатлантиришни истардилар. Буюк имом ҳадя қилганга дарҳол ҳадя билан жавоб қилардилар. дўстларига ҳам совға-салом улашардилар. Ҳатто ўзларининг улушларини фақир ўқувчиларга бериб, уларга севинч бахш этардилар.

 

 

Йўлдош Эшбек