Аждодлар ўгити – ёшлар иқболидир!

21 Avg 2015 2607

       Ҳозир Ўзбекистон деб аталувчи ҳудуд, яъни бизнинг ватанимиз нафақат Шарқ балки умумжаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганлигини бутун жаҳон тан олмоқда. 

 

И. КАРИМОВ 

 

    Юртимиз мустақилликка эришгач, фуқароларимиз ҳаётининг барча жабҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилди ва бу ҳайри иш кишини қувонтирадиган тарзда давом этмоқда. Яратган Раббимиз бу Юртимизда бўлиб турган барча ҳайри ишларни бардавом айласин. Албатта бу ислоҳотлар мустақил Ватанимизнинг тараққий топиши, ривожланиши, халқимизнинг, айниқса, бугунги кун авлодларининг дунё миқёсида ўз ўрнини топишга, шунингдек, барча иқтисодий-ижтимоий соҳаларда юксак марраларни забт этишига қаратилган одилона хайрли тадбирлардир. 
    Ҳар бир ота-она ўз фарзандини соғлом, баркамол инсон бўлиб етишишини, ўзи улғайиб катта бўлган оиласига, маҳалласига, жамиятга, шунингдек, ўз Ватанига манфаати тегадиган инсон бўлишини орзу қилади. Буни Ватан миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, Ватан ҳам ўз фуқароларини, ўз юрти шаънини, обрўини, тараққиётини ва шу каби кишига завқ берадиган ҳайрли ишларни юксак чўққиларга олиб чиқишини умид қилади. Муқаддас динимиз Исломда бу каби масалалар етарли даражада аҳамият ва эътиборга молик бўлган. 
    Динимиз инсон манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида аҳамият билан ёндашади. Жамиятнинг хар бир аъзосига бу борада ўзига хос бурч ва масъулиятларни юклайди. Ота-она, устоз-мураббий, эр-хотин ва болаларнинг бир-бирларига нисбатан зиммаларидаги бурчлари ва бир-бирларининг устидаги ҳақ-ҳуқуқлари бунга мисол бўла олади. 
   Юқоридаги айтиб ўтилган фикр ва мулоҳазалардан мухтасар хулоса қилиш мумкинки, бугунги кун авлодлари ва келажагимиз пойдеворлари бўлмиш ёшларимизни аввало илмли, маънавияти юксак инсонлар сифатида ўсиб-улғайишларини таъминлаш кунимизнинг энг асосий талаби ҳисобланади. 
    Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даражаларга кўтарур” (Мужодала сураси). Ушбу ояти каримада инсоннинг дунёда ҳам, оҳиратда ҳам мақому мартабаси кўтарилишида илм-маърифатнинг щрни беқиёс эканлиги баён қилинади. 
    Илм маърифат ҳамма яхшиликнинг бошидир. У эзгуликка етаклайди. Қоронғу йўлларимизни ёритиб, зиё сочиб туради. Яхши-ёмонни ажратиш учун ҳам кишига илм керак. Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...” (Таҳрим сураси, 6-оят), дейилган. “Дўзахдан сақлаш” бу яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармоқдир. Бунинг учун ҳам табиийки, илмга муҳтож бўламиз. Ахир илм олмасак, нима яхшию нима ёмон, қайдан биламиз?! 

     Сўфи Аллоёр ҳазратлари ўзларининг “Саботул ожизин” китобларида қуйидаги мисрани келтирганлар: 

 

“Уялма маърифатни ўрганурдин, 
Таннур жойинг бўлар, қолсанг танурдин”. 

 

Исомиддин АХРОРОВ