Одилхон қори Юнусхон ўғли Россия Федерациясида тақдирланди

1 Dek 2016 1980

  Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг бир неча имомлардан иборат делегацияси 29 ноябрь куни Свердловск вилоятининг Екатеренбург шаҳрида жойлашган Муфтиётда бўлиб ўтган якуний конференциясида қатнашишди. Унда Россия Федерациясининг Свердловск вилояти мусулмонлари идораси марказий муфтиёти раҳбари, муфтий Абдул-Қуддусс Ашарин, Горный университининг теология (диншунослик) кафедраси мудири Алексей Старостин ва маҳаллий ОАВ вакиллари ҳам иштирок этди. 
    Конференцияда сўз олган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов ажойиб таклиф, меҳмоннавозлик, аъло даражадаги мулоқотлар ҳамда соф ислом дини тарғиботи йўлидаги амалий ҳаракатлар учун Ўзбекистон мусулмонлари номидан Свердловск раҳбарияти ва Муфтиётига минатдорлик билдирди. 
    Ўз навбатида муфтий Абдул-Қуддус Ашарин ташриф учун Ўзбекистон ҳукуматига ва Ўзбекистон мусулмонлар идорасига раҳмат айтиб, турли экстремистик ва терористик оқимларга, айниқса ИШИДга қарши курашишда Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг олиб бораётган амалий саъи-ҳаракатларидан андоза олиш зарурлигини эътироф этди. Шунингдек, келгусида алоқаларнинг яна мустаҳкамланиши ва ривожланишидан умидвор эканини билдирди. Тадбир давомида имом-хатибларимиз маҳаллий журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди. 
Куннинг иккинчи ярмида ўзбекистонлик имом-хатиблар делегацияси Свердловск олий мажлиси раиси ўринбосари Анатолий Петрович билан учрашди. 
    Шундан сўнг муфтий Абдул-Қуддус Ашарин Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига Миннатдорлик шаҳодатномасини тақдим этди. Шунингдек, “Смута ИГИЛ” китоби учун Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосарига ва динлараро бағрикенглик алоқаларини ривожлантириш йўлидаги хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар буйича қўмита раиси Ортиқбек Юсуповга аталган Миннатдорлик шаҳодатномалари ҳам топширилди. 
     Свердловск cафаридаги тадбирларда фаол иштирок этган Ўзбекистон делегацияси имом-хатиблари Ислом дини ривожи йўлидаги хизматлари ва радикал оқимларга қарши курашиш борасида олиб бораётган меҳнатлари учун махсус орден (Ярим ой) билан мукофотланди ва уларга ҳам Миннатдорлик шаҳодатномаси тақдим қилинди. 
     Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, делегация раҳбари Иброҳим Иномов ўз сўзида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ва Ўзбекистон номидан миннатдорлик билдириб, ҳурмат рамзи сифатида Свердловск муфтийси Абдул- Қуддус Ашаринга миллий чопон кийдирди.

 

Шайх Зайниддин жоме масжиди матбуот хизмати